УСТЬ-ЎРДА БУРЯТЛАРИ МУХТОР ОКРУГИ

УСТЬ-ЎРДА БУРЯТЛАРИ МУХТОР ОКРУГИ — РФ Иркутск вилояти таркибидаги округ. 1937 й. 26 сент. да ташкил этилган. Майд. 22,4 минг км2. Аҳолиси 135,3 минг киши (2002). Аҳолисининг кўпчилик қисми руслар (56%) ва бурятлар (36%), шунингдек, татар, украин ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Маркази — УстьОрдинский шаҳарчаси. Таркибида 6 маъмурий туман, 4 шаҳарча бор.

Мухтор округ Ўрта Сибирь ясситоғлигининг жан. қисмида, Байкал қўлининг ғарбида, ЛенаАнгара платоси доирасида жойлашган. Ўртача бал. 1000 м. Ер юзаси даре водийлари билан ўйилган. Фойдали қазилмалари: тошкўмир (Иркутск ҳавзасининг шим. чеккаси), гипс (Унга дарёси водийсида) қурилиш материаллари (оҳактош, гил ва б.). Иқлими кескин континентал. Қиши кам қорли, совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси —22°, июлники 17°. Йилига 300 мм га яқин ёғин ёғади. Вегетация даври 110—125 кун. Йирик дарёлари — Ангара ва унинг ирмоклари. Чекка шим. шаркида Лена ҳавзасига мансуб дарёлар бор. Ҳудудининг катта кисмида чимликарбонатли ишқорсизланган ва кучсиз подзоллашган тупроқлар тарқалган. Ўсимликлари ўрмонли дашт зонасига хос. Кенг баргли дарахтлардан қайин ва тоғтерак учрайди. Ўрмонларда ҳар хил ҳайвонлар яшайди (росомаха, тулки, колонок, ўрмон сассиқкўзани, кемирувчилардан тийин, бурундук ва б. ; куш тури кўп).

Хўжалигида етакчи тармоклар: кончилик (кўмир қазиб олиш), ўрмончилик («Байтог» ўрмончилик хўжалиги), ёғочсозлик, озиқ-овқат (ёғ ва пишлоқ и. ч.) саноатлари. Асосий саноат маркази — УстьОрдинский шаҳарчаси. Округ Байкалбўйининг асосий қ. х. р-нларидан бири. Чорвачилиги гўштсут ва жун етиштиришга ихтисослашган. Қўй, чўчка, йилқи боқилади. Буғдой, сули, арпа, шунингдек, картошка, сабзавот экилади. Мухтор округ жан. ғарбидан ТрансСибирь магистрали (30 км) ўтган. Ангара дарёсида кема қатнайди. Автомобиль йўли уз. 2194 км (2002). Аэропорт, пед. билим юрти, ўлкашунослик музейи бор. 1 санаторийкурорт муассасаси фаолият кўрсатади.

Loading...