УСТА ШИРИН

УСТА ШИРИН Муродов (1879, Бухоро — 1957.12.2, Тошкент) — меъмор, ганч ўймакори; Ўзбекистон ФАнинг фахрий аъзоси (1943), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1943). Ҳунарни отаси уста Мурод ва бобоси уста Носирдан ўрганган, ёшлигидан амакиси уста Ҳаёт қўлида қолган ва ундан таълим олган. Мустақил уста сифатида Бухоро амирининг Карманадаги саройи (Ситораи Моҳи Хоса ёзлик саройининг Оқ зали)ни безашда катнашиб, танилган. Уста Ширин ижодида ганч ўймакорлиги анъаналарини маҳорат билан қўллаган, уларни янги мазмун ва шакллар билан бойитган, илк бор иш фаолияти (ганч ўймакорлиги) да нақш заминида кўзгудан фойдаланди, яъни кўзгу устига ганчкори нақшлар ишлаб, жозибадорликка, ажойиб нақш жилвасига эришди.

Уста Ширин кўплаб клублар, маъмурий биноларни нафис ганчкорлик нақшлари билан безади: Бутуниттифоқ қ. х. кўргазмасидаги Ўзбекистон, Туркманистон павильонлари (1938), Тошкент куранти, Навоий театри (Бухоро зали), Муқимий театри, хоз. Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи ва б. ; меъморий обидаларни таъмирлашда катнашган: Исмоил Сомоний мақбарасининг бузилган қисми, Мир Араб мадрасаси, Абдулазизхон мадрасаси гумбазларини, Мағоки аттори маежиди пештоғининг кошинкори нақшларини тиклади ва б.

Уста Ширин кўплаб шогирдлар етиштирган: Самарканд таъмирчилар мактаби, Тошкент қурилиш санъати мактаби (1940 — 42), Москва бадиий санъат билим юрти (1942—43), П. Беньков номидаги республика рассомлик билим юрти (1952 — 57)да даре берган. Республика (жумладан, Тошкент, Бухоро ва б.)даги мактаб, кўчаларга Уста Ширин номи қўйилган; Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса ҳовлисида унинг бюсти ўрнатилган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001).

Prev Article

УСТА РАҲИМ

Next Article

УСТА ШОДИ