УЙҒУР

УЙҒУР, Маннон Уйғур (тахаллуси; асл исмшарифи Мажидов Абдуманнон) (1897.11.10 — Тошкент — 1955.15.10) — реж., актёр, драматург. Ўзбекистон халқ артисти (1932). Европа шаклидаги ўзбек театр санъати ва ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри (собиқ Ҳамза номидаги театр) асосчиларидан. 1916 й. «Турон» труппасида актёр сифатида иш бошлаган. Сафарбек (Н. Везиров, «Уй тарбиясининг бир шакли»), Маркиз Робль («Қотили Карима»), Ҳожи Бахшали (Ж. Қулизода, «Ўликлар»), Хизматкор (А. Авлоний, «Адвокатлик осонми?»), Заҳҳок (А. Фитрат, «Абу Муслим»), Эшимқул (Уйғур, «Туркистон табиби»), Маҳмудхон (Ҳамза, «Заҳарли ҳаёт»), Раҳим ака (Ғ. Зафарий, «Халима»), Нуриддин (А. Фитрат, «Чин севиш»), Миллер (Ф. Шиллер, «Макр ва муҳаббат»), Карл Моор («Қароқчилар») каби кулгили, драматик, фожиавий романтик образлар яратган. Театрни жадидлар сингари маърифат ўчоғи, ибратхона деб билган. 1919 й. да «Турон» трупп сини қайта тиклаб, ўнга истеъдодли ёшларни жалб этиш, драматурглар билан янги асарлар устида иш олиб бориш, таржима қилиш, саҳналаштириш, саҳна ижодкорларини малакасини ошириш масалалари билан муттасил шуғулланган. 1918—20 й. лар Абдулла Авлонийнинг «Адвокатлик осонми?» комедиясини, Ҳамзанинг «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари», «Бой ила хизматчи», «Туҳматчилар жазоси» асарларини, Ғози Юнуснинг «Заҳҳоки морон» трагедиясини, Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Ғулом Зафарийнинг «Ҳалима», Фитратнинг «Абу Муслим», «Чин севиш» драмаларини саҳналаштириш билан театр репертуарини миллий асарлар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Ўзи ёзган «Туркистон табиби», «Фанний уй», «Ўн икки соатлик ҳокимият» пьесаларини ҳам саҳналаштирди. Шунингдек, озарбайжон драматурглари асарлари («На қонур, на қондирур», «Хўрхўр», «Дурсунали Баллибоди», «Иблис», «У ўлмаса, бу ўлсун» ва б.)ни ҳам таржима қилиб саҳналаштирди. У ўзининг кўпқиррали фаолияти билан ҳаваскорлик труппасини Ўзбек давлат ўлка намуна театри даражасига олиб чиқди. Марказий Осиё бўйлаб томошалар кўрсатди. 1922 й. театр ишларини йўлга қўйиш учун Бухорога юборилган. «Абу Муслим», «Ҳалима», «Туркистон табиби» асарларини саҳналаштириб, бухоролик ҳаваскорларни сақна қонун қоидаларига ўргатади. Карки ш. да биринчи театр труппаси ташкил қилади. 1923 й. Москва давлат марказий театр санъати техникумининг реж. лик бўлимига ўқишга киради. Шу йили унинг ташаббуси билан Москвадаги Бухоро халқ маорифи уйи қошида ўзбек драма студиясини очишга қарор қилинар экан, У. Бухоро, Тошкент, Андижон, Қўқон ш. ларидаги театрга истеъдодли ёшларни тўплайди. 1924 й. Москвада Ўзбек драма студияси иш бошлайди. Уйғур студиянинг ҳам талабаси, ҳам ташкилотчи раҳбари бўлиб, Чўлпон билан бирга студия педагоглари Л. Свердлин, Р. Симонов, В. Канцель ва б. га таржимонлик қилиб, спектакллар қўйишда ёрдамлашади. «Хасис» (Мольер, У. Гарпагон ролида), «Терговчи» (Н. Гоголь), «Маликаи Турандот» (К. Гоции, У. Альтоум ролида) спектаклларининг яратилиши ва мамлакатимизда намойиш этилишида Уйғурнинг хизмати беқиёс. Ўзи мустақил «Шайх Санъон» (Ҳ. Жовид), «Ёрқиной» (Чўлпон) каби асарларни саҳналаштирди. 1927 й. У. бошлиқ 24 нафар ўзбек ёшлари Самарқандга қайтиб, Ўзбек давлат драма труппасининг ўзагини ташкил қилдилар. Уйғур «Арслон» (Фитрат), «Ҳужум» (В. Ян, Чўлпон), «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид), «Муштумзўр» (Чўлпон), «Тарих тилга кирди» (3. Сайд, Н. Сафаров), «Ниқоб йиртилди» (3. Фатхуллин), «Лойқалар» (С. Ҳусайн) каби турли мавзу ва жанрда яратилган спектаклларида ўз истеъдоди ва студияда орттирган тажрибасини рўёбга чиқариш, студияни битирган ва ҳаваскорликдан кириб келган актёрларни тарбиялаш ҳаракатида бўлди. Уйғурнинг реж. лик ва актёрлик маҳорати юксалиб, Шекспирнинг «Хамлет» трагедиясини саҳналаштириши ўзбек профессионал театрининг камолот палласига ўтганидан дарак берди. «Ҳамлет»дек мураккаб асарни саҳналаштиришда Уйғур актёрларни қирол саройидаги киборларнинг кийиниши, ўзини тутиши, ўзаро мулозамат, таъзим, сўз ва нутқ устида қунт билан ишлаш, образларнинг тарихийфалсафий мохиятини очиш сари йўналтирди. Томошабинларни эса бундай юксак трагедияни идрок этишга тайёрлаш мақсадида театрнинг ўзида, матбуот орқали тушунтириш ишлари олиб борилди, макет ва постановка тарихига оид кўргазма ташкил этди; спектаклнинг махсус дастури ва Чўлпон таржимаси эълон қилинди. Бош ролни Аброр Ҳидоятов ижро этди. Спектакль қаторасига 22 кун ўйналиб, катта муваффақият қозонди. «Ҳамлет» спектакли туфайли Уйғур 30-й. лардаги қатағондан омон крлган бўлсада, таҳқирланган бир шароитда ижод қилди. Қачонки у бир асарни саҳналаштирмоқчи бўлса, унинг ёнига албатта бир рус реж. ини тайинлашарди. «Отелло» (Н. Ладигин бн), «Муқанна» (Э. Михоэлс бн). «Бир севги афсонаси» (А. Гинзбург бн) каби спектаклларни шу таҳқир остида саҳналаштирди. «Жалолиддин Мангуберди», «Ҳаёт қўшиғи», «Алишер Навоий» спектаклларини мустақил саҳналаштиргани учун турли тафтишларга учради. Айниқса, «Алишер Навоий» драмасининг саҳнавий талқини Навоийни идеаллаштиришда айбланди. Танқидий мулоҳазалар остида Навоийни Маждиддин билан зиддиятларини кучайтиришга, Ҳусайн Бойқарони иродасизроқ, субутсизроқ қилиб гавдалантиришга мажбур бўлди. Навоийнинг оддий халқ билан алоқасини янада кучайтирди. Саҳна нутқи, талаффуз устидаги ишини давом эттириб, гўзал бир саҳна тилининг яратилишига эришди. Спектаклда Уйғурнинг адолат, тенглик, инсонпарварлик, меҳрмурувват, соф муҳаббат ва нафосатни тараннум этишга қаратилган реж. лик ғоялари актёрлар яратган образларда ўз аксини топди. 1948 й. «Алишер Навоий» драмасининг янги таҳрири намойиш қилинди ва катта муваффақият қозонди ҳамда Уйғур, асосий ижрочилар Давлат мукофотига сазовор бўлдилар (1949). Асар 42 й. мобайнида 760 марта ўйналиб, 350 минг томошабинга хизмат қилди. 1955 й. Р. Ҳамроев билан биргаликда Муқимий театрида «Муқимий» (С. Абдулла) спектаклини саҳналаштирди. Бу унинг сўнгги спектакли бўлди. Миллий театрда, Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида актёр ва реж. ларнинг уч авлодини тарбиялаб етиштиришда Уйғурнинг хизмати катта. Тошкент санъат ин-тига (1991), Сурхондарё театрига (1978) Маннон Уйғур номи берилган. Тошкент ш. даги кўчалардан бири Уйғур номи билан аталади. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001).

Loading...