УЙҒУРЛАР

УЙҒУРЛАР — халқ, ХХРдаги СиньцзянУйгур мухтор районининг туб жой аҳолиси. 8 млн. кишидан ортиқ (1990-й. лар ўрталари). Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистонда яшайди. Уйгур тилида сўзлашади. Диндорлари, асосан, сунний мусулмонлар. Япон (Ютянхенг), француз (Клапрот) олимлари фикрича, «уйғур» атамаси мил. ав. 3—2-а. лардан маълум. Уйғурлар этногенези Хитой манбаларида 4—5 минг йил аввал тилга олинган «ди»(турк) ларнинг «чиди»(қизил ди — жан. турк) га бориб тақалади. Хитойнинг шим. да мавжуд бўлган Чиди давлати мил. ав. 594 й. Цзинь (Жин) хонлиги томонидан тугатилгач, чидилар шим. га кетишга мажбур бўлишган. Уйғурлар ҳун қабилавий иттифоқи (мил. ав. 3а. — мил. 3—4-а. лар) да муҳим роль ўйнаганлар. Мил. 5—8-а. ларда Уйғурлар (ЖужанАвар) хонлиги, кейинчалик Турк хоқонлиги таркибига кирган. 7-а. га қадар Уйғурлар таркибида ёғлиқор (хон авлоди), қутурғур, турламвейбур, буқосқир, овчағ, хазарқасар, хўғурсу, яғмо, аёвир каби 9 қабила мавжуд бўлган. Кейинчалик уларга Сирдарёнинг юқори қисми (Ясси дарёси) бўйида яшаган адиз қабиласи қўшилиши билан 10 уйғур иттифоқи шаклланган. 7—9-а. даги манбаларда 15 уйғур қабила уюшмаси [баку, ҳун, байирғу, тунгро, сижие, чибни, (изгилсиже), басмил (башими), қарлуқ (гэлулу), сир, тардуш, тува, қувурқон, барсук, қирғиз] қайд этилган.

Қадимда Уйғурларнинг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланиб, ўтроқ ҳаёт кечирган. Шу сабабли уларда қабилауруғдошлик муносабатлари йўқолиб, яшаган жойлари номи билан аталиб келган. Уйғурларнинг тоғлик ўлкалардаги ва чорвачилик билан шуғулланган қисми кўчманчи ҳаётга мослашган. Улар 646 й. Шарқий Турк хоқонлиги ҳудудида Уйғур хонлигини тиклаган. УйғурУрхун хоқонлиги (Уйғур хоқонлиги) даврида (744—840) унинг барча фуқаролари «Уйғур» деб, 9-а. да Уйғурларнинг Идиқут (Турфон) давлати Хитой манбаларида «Кужу хонлиги» деб номланган. 11-а. да унинг ҳудуди ғарбда Кучар ш. дан Буюк Хитой деворигача чўзилган бўлиб, араб манбаларида «билод Уйғур» ёки «Йуғур»(алМарвазий) деб қайд этилган.

Уйғурлар мамлакати қад. маданият ўчокларидан ҳисббланади; бу ҳудудда кўплаб қад. давлатлар, шаҳарлар мавжуд бўлган. Уйғурлар қадимдан турли ёзувлардан (26 та) фойдаланган. Улар 5—6-а. лардан бошлаб махсус уйғур ёзуви ишлата бошлашган. Қад. уйғур мусиқа санъати Хитой мусиқасига катта таъсир кўрсатган. Уйғур халқи мусиқасининг гавҳари бўлган 12 мақом 16-а. да Омоннисохон томонидан тартибга солинган. Уйғурлар ҳаётида тош, суяк, кумуш, мис ва темирдан турли зебзийнат буюмлари ясаш ривожланган. Улар қадимдан жун, ипак, пахтадан махсус дастгоҳларда мато тўқишган. Мил. бошларида (3а.) улар томонидан ишлаб чиқарилган қоғоз, археологик қазишмалар натижасида топилган қоғоз нусхаларининг энг қад. си ҳисобланади.

Абдулаҳад Хўжаев, Абдухолиқ Айтбоев.

Loading...