УЙҚУСИЗЛИК

УЙҚУСИЗЛИК, инсомния, агрипния — тунги уйқу маромининг бузилиши; тунда кам ёки юзаки ухлаш, уйқу келмаслик, бевақт уйғонавериш, шунингдек, жуда эрта уйқу ўчиб кетиши ва б.

Баъзи одамларда уйқу болалигидан бузилган бўлади, мас, ирсий, илк ёшда бошдан кечирилган баъзи касалликлар ёки нерв системаси, бош миянинг шикастланиши оқибатида келиб чиқади. Уйқусизлик кўпинча нерв системасининг кучли руҳий, эмоционал шикастлари, невроз, психоз, бош миянинг органик касалликлари (айниқса, мия қон томирлари атеросклерози), ички аъзолар ва эндокрин безлар (буйрак, жигар, қалқонсимон без) касалликлари билан боғлиқ нерв системасининг функционал бузилишларида учрайди. Уйқусизлик ётадиган жойнинг ноқулай бўлиши, бирор нарсадан ҳаяжонланиш, бирорта касалликнинг бошланиш белгиси бўлиши ҳам мумкин. Агар Уйқусизлик нохуш кечинмалар, толиқиш, ухлаш маромининг бузилишидан (функционал Уйқусизлик) келиб чиққан бўлса, у ўзича тикланади. Бунинг учун ҳар куни бир вақтда одатдаги шароитда ётиш, яхши ҳаёллар суриш лозим. Бу тавсияларга риоя қилинса, ҳаяжонланиш, толиқишдан юзага келадиган Уйқусизлик тезда ўтиб кетади. Уйку ёши қайтган ва қариган кишиларда ўзгаради; уйқу ёшлик даврига қараганда бирмунча юзаки ва қисқа муддатли бўлиб қолади, бу шу ёщдаги организмнинг физиологик хусусиятлари натижасидир.

Уйқусизликнинг ҳар қандай турида ҳам врач б-н маслаҳатлашиб, зарур муолажаларни олиш тавсия этилади, ўз билгича доридармонлар билан даволаниш хавфли асоратларга олиб келади.

Loading...