УЗУН — Сурхондарё вилояти Узун туманидаги қишлоқ, туман маркази. Т. й. станцияси. Қишлоқ 1920 й. гача Култепа деб аталган. Вилоят маркази (Термиз)дан 192 км. Ўртасидан Обизаранг дарёси кесиб ўтган. Аҳолиси 12 минг киши (2004). Обизаранг ва Қорасув дарёларидан сув олади.
Узунда туман ҳокимияти биноси, т. й. вокзали, автостанция, пахта тозалаш, темирбетон буюмлари, ихтисослаштирилган тажриба з-длари, «УзунКомрон» қўшма корхонаси, деҳқон бозори, меҳмонхона, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. 3 умумий таълим мактаби, мусиқа мактаби, иқтидорли болалар интернат мактаби, 2 касбҳунар коллежи (қ. х. ва маиший хизмат кўрсатиш), кутубхона, касалхона, марказий дорихона ишлаб турибди.
«Хотира ва қадрлаш» боғи, «Турон» стадиони, теннис корти мавжуд. Узундан Термиз, Денов ва б. шаҳарларга автобуслар қатнайди.