ВАЛЬС

ВАЛЬС (нем. walzen — айланмоқ) — жуфт бўлиб, текис ҳаракат билан айланиб, жадал ёки ўртача тезликда ижро этиладиган рақс. Мусиқий ўлчови 3/4 ёки 3/8, усули биринчи ҳиссадаги урғуси билан ажралиб туради. 18-а. нинг охирги чорагида австрия, немис халқ (лендлер каби) рақслари заминида шаҳар шароитида вужудга келган. 19-а. нинг бошида янги, лирик бал рақси сифатида бутун Европага таркалган. Айниқса, Й. Ланнер яратган ва ота-бола И. Штрауслар такомиллаштирган туркум шаклидаги Вена В. лари оммалашган. Вальс романс, ариялар учун асос бўлиб опера (Ш. Гуно, Ж. Верди, П. Чайковский, С. Прокофьев ва б.), оперетта (И. Штраус, Ф. Легар ва б.), балет (Л. Делиб, П. Чайковский), театр мусиқасида кенг қўлланилган. Шунингдек, камер мусиқа асари (айниқса мусиқий романтизм намояндалари Ф. Шуберт, Ф. Шопен, И. Брамс, Э. Григ ва б. ижодида), симфоник мусиқа жанри (М. Глинка, Я. Сибелиус, М. Равель) сифатида ривож топган.

Ўзбек мусиқасида Вальс услубидаги куйлар 1920-й. ларда пайдо бўлган (мас., Ҳамзанинг «Ҳой ишчилар» қўшиғи). Кейинчалик Вальс жанри ўзбек бастакорлари (Т. Жалилов, «Вальс»; К. Жабборов, «Диёримсан»; М. Мирзаев, «Баҳор вальси» ва б.) ва композиторлари (С. Юдаков, «Карнавал вальси»; М. Бурҳонов, «Оқ олтин» вальс-сюитаси; X. Изомов, «Тошкент осмони»; М. Левиев, «Маҳаллада дув-дув ran» фильмидаги Вальс ва б.) ижодидан кенг урин олган.

Loading...