ВАЛЮТА ЧЕКЛАШЛАРИ

ВАЛЮТА ЧЕКЛАШЛАРИ, валюта назорати — давлат томонидан чет эл валютаси ҳамда валюта бойликлари билан боғлиқ муомалаларда муайян чеклашларнинг жорий қилиниши. Валюта чеклашларининг одатдаги кўриниши миллий валютани чет эл валютасига айирбошлаш. чет эл валютасини мамлакат ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш, банкларнинг валюта операциялари, банкларнинг вакиллик ҳисоб рақамларига лимитлар жорий этиш кабиларда намоён бўлади. Валюта чеклашлари тадбирлари чет мамлакатларга олтин ва қимматбаҳо қоғозлар чиқаришни чеклаш кўринишида амал қилиб, мамлакат валюта сиёсатининг характерли белгиларидан бири ҳисобланади ҳамда у тўлов балансининг пассивлиги, олтин ва б. валюта резервларининг камайиб кетганлиги билан боғлик. Дастлаб Валюта чеклашлари баъзи давлатларда (Европа давлатлари) 1-жаҳон уруши даврида жорий этилган ва 1929—33 й. лардаги жаҳон иқтисодий танглиги даврида, айниқса кенг тус олди. 2-жаҳон урушидан кейинги йилларда фақат АҚШ, Канада, Швейцария ва Лотин Америкасининг бир неча давлатларидагина валюта муомалалари чекланмаган эди. Ҳоз. вақтда деярли барча ривожланган мамлакатларда Валюта чеклашлари мутлакр олиб ташланган, Валюта чеклашлари амал қилаётганларида эса унинг заиф кўриниши қолган, холос. Мас., Буюк Британияда Валюта чеклашлари 1979 й. дан буён мутлақо йўқ. Ҳоз. пайтда Халқаро валюта фондига аъзо 60 дан ортиқ мамлакатлардаги кўпгина операцияларда Валюта чеклашлари умуман қўлланилмайди. 1992 й. да Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар валюта интеграциясини такомиллаштириш йўналишидаги капиталлар ҳаракатида чекловлар бутунлай бекор қилинди. Ҳоз. Ўзбекистонда ҳам валюта муомалаларини тартибга солишда хорижий валютани олиб кириш, алмаштириш, валюта муомалалари ва б. да қисман Валюта чеклашлари жорий қилинган.

Loading...