ВАҚТ

ВАҚТ — 1) материянинг асосий яшаш шаклларидан бири (қ. Фазо ва вақт);

2) табиатдаги бирор даврий ҳодисага, мас., Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даврига нисбатан ҳисобланадиган ўлчов бирлиги.

Вақтни ўлчаш. Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даври билан ўлчанадиган Вақт бирлиги сутка (бир кеча-кундуз) деб аталади. Вақтнинг каттароқ бирликлари ой (Ойнинг Ер атрофида айланиш даври), йил (Ернинг Қуёш атрофида айланиш даври)дир. Ернинг уз ўқи атрофида айланиш даври юлдузларга ёки баҳорги тенг кунлик нуқта-сига нисбатан олинса, юлдуз сутка си, Қуёшга нисбатан ҳисобланса, ҳақиқий Қуёш суткаси, Ўртача Қуёшга нисбатан эса ўртача Қуёш суткаси дейилади. Ойнинг ер атрофида юлдузларга нисбатан айланиш даври — сидерик ой (юлдуз ойи), Ойнинг иккита бир хил фазалари орасида ўтадиган даврсинодик ой дейилади. Ниҳоят, Қуёшнинг Ер атрофида кўринма (визуал) ҳаракати юлдузларга нисбатан олинса, сидерик йил (юлдуз йили), баҳорги тенг кунлик нуқтасига нисбатан хисобланса,тропик йил ҳосил бўлади. Вақтнинг энг кичик бирлиги қилиб сутканинг 1/86400 қисмига тенг вақтсекунд қабул қилинган. Фан ва техникада секунднинг мингдан, миллиондан бир улушлари билан ҳам иш кўрилади. Олимлар Ернинг ўз ўқи атрофида нотекис айланишини аниқлашди. Шунинг учун вақт бирлигининг ўзгармаслигини таъминлаш мақсадида назарий эфемерид секунд бирлиги қабул қилинган. Эфемерид секунд тропик шлнинг 1/31556925,9747 улушига тенг (махражидаги рақам асримиз боши — 1900 тропик йилдаги секундлар сони). Вақтнинг бошқа бирликлари вақт ўтишига боғлиқ бўлмаган ўзгармас бирлик — эфемерид секунд ёрдамида исталган давр учун ҳисобланиши мумкин. Демак, вақтнинг асосий бирлиги қилиб, эфемерид сутканинг 1/86400 улушига тенг эфемерид секунд қабул қилинган. Бунда Ернинг ўз ўқи атрофидаги нотекис ҳаракати ҳисобга олинган. Бевосита кузатишларга асосланиб юлдуз вақти аниқланади. Унинг асосий ўлчов бирлиги юлдуз суткаси ҳисобланади. Юлдуз суткасининг бошланиши баҳорги тенг кунлик нуқтасининг юқори кульминация пайтига тўғри келади. Шу пайтда юлдуз вакти билан юрадиган соатлар 0 соат 0 мин. 0 сек. ни кўрсатиши керак. Баҳорги тенг кунлик нуқтаси Ернинг нутацион (қ. Нутация) ҳаракати таъсиридан холи деб қабул қилинган вақт ўртача юлдуз вақти деб аталади. Ернинг юлдузларга нисбатан ўз ўқи атрофида айланиш даври 24 соат 0 мин. 0,0084 сек. ўртача юлдуз вақтига тенг бўлади.

Кундалик ҳаётимизда асосан ўртача Қуёш вақтидан фойдаланамиз. Ўртача Қуёш — экватор бўйлаб тропик йил ичида бир марта текис айланиб чиқадиган хаёлий нуктадир. Ўртача Қуёш марказининг юқори кульминация пайтиўртача туш пайти деб аталади. Ўртача Қуёш вақти шу пайтдан бошланади. Ўртача Қуёш марказининг пастки кульминация пайти ярим тун деб аталади. Фуқаро вақти шу пайтдан (соат 24ой дан) ҳисобланади ва тақвим (календарь) кун ўзгаради. Астрономияда 1925 й. гача кун ҳисоби туш пайтида ўзгарар, яъни янги кун кундузи соат 12 дан бошланар эди. 1925 й. дан бошлаб астрономияда ҳам фуқаро вақтидан фойдаланилмокда.

Тропик йил 366,2422 юлдуз суткасидан иборат; бунда Ер Қуёш атрофини бир марта тўлиқ айланиб чиқади, шу сабабли, Қуёшга нисбатан Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш сони кам, яъни 365,2422 сутка бўлади. Шунинг учун 366,2422 юлдуз суткаси 365,2422 ўртача Қуёш суткасига тенг. Бундан қуйи-даги хулосаларга келиш мумкин. Юлдуз вақтининг 24 соати — ўртача Қуёш вақтининг 23 соат 56 мин. 4,090 секундига, ўртача Қуёш вақтининг 24 соати — юлдуз вақтининг 24 соати 3 мин. 56,555 секундига тенг. Юддуз вақтидан ўртача Қуёш вактига ва аксинча ўтиш учун астрономик йилномаларда бошланғич меридианнинг ҳар ярим кечасига оид юлдуз вақти берилади. Ер шарининг ҳар бир жойида шу жойнинг ўз маҳаллий вақги бор. Бу вақг ўша жой меридиани — географик узунламасига боғлиқ. Бир меридиандаги соатлар бир вақтни кўрсатади. Ер ғарбдан шарққа қараб айлангани учун берилган меридиандан шарқдаги жойларда соат кечрок вактни, ғарбдаги жойларда эртароқни кўрсатади. Икки жойнинг маҳаллий вақтлари орасидаги фарқ шу жойлар географик узунламаларининг соат, минут ва секундлар билан ҳисобланадиган фарқига тенг.

Халқаро келишувга биноан, Гринвич меридиани бошланғич (нолинчи) меридиан деб қабул қилинган. Гринвич фуқаро вақти дунё вақти деб қабул этилган. Ҳар бир жойнинг ўз фуқаро вақти бўлиши ўзаро алоқа ва саёҳатларда кўп ноқулайликлар туғдиради. Шу сабабли, бир вақтлар турли мамлакатларда ўз пойтахт вақтларини қабул қилишган. 1884 й. дан бошлаб, Ер шари 24 соат минтақага бўлинди. Ҳар бир минтақадаги жойлар бир хил вақтга, яъни ўртача меридиан вақтига эга бўлади. Минтақалар Гринвич меридианидан бошлаб 0 дан 23 гача рақамланади. Шунинг учун маълум минтақа рақамига тенг сонга фарқ қилувчи бутун соатга тенг бўлади. Мас., Москва ва Санкт-Петербург 2 – минтақада ётганлиги учун уларнинг маҳаллий вақти Гринвич вақтидан 2 соат, Тошкент 5-минтакада жойлашганлиги учун 5 соат фарқ қилади. Собиқ Иттифоқда минтақа вақти ХКС декрета билан 1919 й. 1 июлдан бошлаб киритилган. Табиий ёруғликдан самарали фойдаланиш ҳамда халқ хўжалиги ва турмушда электр энергиясини мутаносиб тақсимлаш мақсадида кўп мамлакатларда ёз пайтларида соат миллари 1 ёки бир неча соат олдинга сурилади (қ. Декрет вақти). Тошкент вакти деб юритиладиган 5 – минтақанинг декрет вақти дунё вактидан 6 соат олдиндадир.

Физикада Вақтни ўлчаш ўрганиладиган жараёнларга тезлиги ёки такрорланиш даври маълум бошқа жараёнларни таққослашга асосланган. Катта Вақт оралиқлари, мас., млн. ва млрд. йиллар б-н ўлчанадиган осмон жисмларининг ёши уларнинг таркибига (водород ва гелий миқдорига) қараб аниқланади. Кичикроқ вақт оралиғи — сутка, соат, минут ва секунд турли соатлар ёрдамида ўлчанади. Илгари қуёш соати, сув соати ва қум соатлар қўлланилган. Хозир Вақтни жуда аниқ ўлчашга имкон берадиган маятникли, кварц ва электрон соатлар ишлатилади. Вақтнинг жуда кичик улушлари (мас., 0,2—0,01 сек.) бошқа усуллар билан ўлчанади. Мас., портлаш реакциялари секунднинг юзларча ва мингларча улуши давомида ўтади. Бундай жараёнлар осциллограф билан қайд қилинади. Баъзан атом ва ядро жараёнлари секунднинг млн. ва млрд. улушлари ичида ўтади. Аниқ Вақт астрономия расадхоналарининг вақт хизматларида махсус асбоблар ёрдамида юлдузларни кузатиб аниқланади, жуда аниқ юрадиган соатлар ёрдамида «сақланади» ва радиосигналлар ёрдамида тарқатилади. Вақтнинг катта бўлакларини ўлчаш учун йил бирлигига асосланган тақвим қўлланилади.

Электрониканинг ривожланиши муносабати билан 20-а. 60-й. ларида астрономик кузатувларга боғлиқ бўлмаган бутунлай янги вақтни ўлчаш тизими пайдо бўлди. Бу тизим квант генераторлар (атом соатлари) билан назорат қилиб туриладиган аниқ кварц соатлардан фойдаланиш га асосланади. Вақтни ўлчашнинг бу тизими атом вакти номини одди ва ТА /деб белгиланди. Эталон бирлик сифатида атом секунддан фойдаланилади. Унинг қиймати цезий 133 атомидаги энергия ўтишларидан бирининг резонанс частотаси ёрдамида аниқланади. Вақт хизмати атом соатлари ёрдамида аниқ Вақт радиосигналларини бериб туради. ТА вакт секундлари давомийлиги ҳар йили астрономик кузатувлар ёрдамида назорат қилинади. Вақтни ўлчашнинг барча тизимлари мунтазам равишда бир-бирига таққослаб турилади. Бундай таққослашлар натижалари идораси Парижда жойлашган Халқаро вақт бюроси «Ахборотлари»да эълон қилиб борилади. Ўзбекистан ФА. Астрономия ин-тида ҳам вақт хизмати билан шуғулланилади (қ. Астрономия институты, Вакт хизмати).

Ад.: Бакулин П. И., Блинов Н. С, Служба точного времени, М., 1968.

Loading...