ВАТИКАН

ВАТИКАН (Vaticano, Stato della Citta del Vaticano) — Италия пойтахти — Римнинг ғарбий қисмидаги Монте-Ватикан тепалигида жойлашган мустақил шаҳар-давлат. Католик черковининг сиёсий, маъмурий ва мафкуравий маркази, унинг бошлиғи — Рим папаси қароргоҳи. Қарийб ҳамма томони тош девор билан ўралган. Майд. 0,44 км2. Доимий аҳолиси 1 минг кишига яқин (700 киши Ватикан фуқароси). Расмий тиллари — лотин ва итальян тиллари.

Давлат тузуми. Ватикан — чекланмаган теократик монархия. Конституцион ҳужжатлари 1929 й. да қабул қилинган. Давлат бошлиғиРим папаси. 1996 й. фев. да папа Иоан Павел II томонидан чиқарилган янги Конституцияга мувофиқ, у, одатда, кардиналлар орасидан яширин овоз бериш орқали овозларнинг учдан икки қисмига эга бўлган тақдирда кардиналлар ҳайъати томонидан умрбод сайланади. Олий қонун чиқарувчи, ижрочи ва суд ҳокимияти папа қўлида. Айни вақтда у Рим католик черковининг ҳам бошлиғи ҳисобланади. Папа ҳузуридаги маслаҳат органи — кардиналлар ҳайъати черковнинг энг муҳим ишларини муҳокама қилиш ва папани сайлаш учун йиғилиб туради. Рим папаси Иоанн Павел II (264-папа) 1978 й. 16 окт. да сайланган. Бу кун В. да миллий байрам сифатида нишонланади.

Тарихи. Илк ўрта аср даврида В. Рим папаларининг турар жойи, 1377 й. дан бошлаб эса доимий қароргоҳи. 8-а. дан черков давлати сифатида мавжуд. 1870 й. да Италия бирлашиши муносабати б-н Италия қироллиги таркибига қўшиб олинган. 1929 й. да папа билан Италия хукумати ўртасидаги Латеран битими натижасида Ватикан давлати қайта тикланди ва 1929 й. 11 фев. да мустақил давлат сифатида тан олинди. Католик черковининг халкаро маркази сифатида Ватикан дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги ижтимоий турмушга таъсир ўтказади. ЎзР билан дипломатия муносабатлари 1992 й. 17 окт. да ўрнатилган.

Иқтисодиёти. Давлат иқтисодий негизини капитал маблағлардан тушадиган даромадлар, миллий католик черковларнинг бадаллари, диндорларнинг эҳсонлари ташкил қилади. Ватикан — дунёнинг йирик саноат-молия монополияларидан бири (унинг олтин ва валюта бисоти 12 млрд. АҚШ долларидан ортиқ деб тахмин қилинади). Ўзининг молиявий, иқтисодий операциялари ва ишончли вакиллари орқали қудратли халқаро корпорациялар, банклар билан узвий боғланган. Ватикан бир қанча компания ва банклар акциясига эга. Италия, Буюк Британия, Швейцария, Франция, Испания, шунингдек АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги саноат тармоқлари корхоналарига қўйилган сармоядан катта фойда олиб туради. Италия, Германия, Испания ва б. мамлакатларда катта ер майдонларига эга. Хорижий сайёҳлик ва почта маркалари чиқариш, сувенирлар сотиш ҳам кўп даромад келтиради. Пул бирлиги — итальян лираси; нумизматлар учун Ватикан лираси ҳам зарб этилади.

Матбуоти. Ватиканнинг расмий нашрлари: «Акта апостолике седис» («Ҳаворий арш ҳужжатлари», ойлик бюллетень, 1909 й. дан), «Аннуарио Понтифичио» («Папа йилномаси», йиллик маълумотнома), «Оссерваторе делла доменика» («Якшанбалик шарҳ», католиклар учун ҳафтанома), «Оссерваторе романо» («Рим шарҳловчиси», кундалик газ., 1861 й. дан). Шунингдек итальян, француз, испан, португал, немис, инглиз тилларида ҳафталик нашрлари мавжуд. «Адженциа Интернационале Фидес» В. агентлиги 1926 й. да ташкил этилган. Ватикан радиосига 1931 й. 12 фев. да асос солинган, 1957 й. да қайта ташкил этилган. «Чентро Телевизиво Ватикане» — В. телевизион маркази 1983 й. да барпо этилган. Меъморлиги. Илк ўрта асрларда вужудга кела бошлаган Ватикан маъмурий мажмуасига 15 — 16-а. ларда яратилган кўпдан-кўп иншоотларни ўз ичига олувчи Ватикан сарой ансамбли (майд. 55 минг м2) киради. Ўз навбатида ансамбль деворлари Б. Микеланжело, П. Перужино, С. Боттичелли, Д. Гирландайо ишлаган расмлар билан безатилган Сикстин капелласи, Беато Анжелико ишлаган расмлар б-н безатилган Николай V капелласи, Рафаэль мўйқалами сайқал берган пешайвонлар ва заллар, Уйғониш даври услубидаги ички ҳовлилар (меъмор Д. Браманте), барокко услубидаги дарвозахона (меъмор Л. Бернини), шунингдек кўзни қамаштирадиган кутубхона, бадиий музейлар ва б. дан иборат. Ватикан боғларида Пий IV казиноси, Ватикан пинакотекаси (17-а. гача бўлган итальян рассомлари асарлари тўплами) биноси ва б. бор. В. мажмуасига Авлиё Пётр собори (меъморлар Д. Браманте, Микеланжело, К. Мадерна ва б.), Навон майдонидаги қатор колонналар (меъмор Л. Берннни) қўшилиб кетган.

Loading...