ВАЗНСИЗЛИК

ВАЗНСИЗЛИК — жисмнинг муаллақ физик ҳолати; бунда жисмга таъсир этувчи ташқи кучлар шу жисм зарраларининг бир-бирига ўзаро босимини вужудга келтирмайди. Жисм Ер оғирлик майдонидаги горизонтал текисликда тинч турган бўлса, унга оғирлик кучи ва қарама-қарши йўналган куч таъсир қилади, натижада жисм зарраларининг бир-бирига босими вужудга келади. Одам организми бу босимни оғирлик сифатида идрок қилади. Ернинг сунъий йўлдоши (ёки космик кема — КК) ичидаги жисмлар йўлдош билан бирга маълум бошланғич тезлик олгач (қ. Космонавтика), оғирлик кучи таъсирида ўз орбитаси бўйлаб бир хил тезланиш билан ҳаракатланади. Шунинг учун жисмлар бир-бирига ёки йўлдош корпусига босим кўрсатмайди, яъни Вазнсизлик ҳолатида бўлади. Жисмнинг Вазнсизлик ҳолатида бўлиш шартлари: 1) жисмга тортишиш кучларидан бошқа ҳеч қандай кучлар таъсир қилмаслиги;

2) бу кучлар майдони бир жинсли бўлиши, яъни барча зарралар қиймат ва йўналиш жиҳатдан бир хил тезланиш оладиган бўлиши;

3) ҳамма зарралар илгариланма ҳаракат қилиши керак. Бу шартлар, мас., эркин тушаётган жисмда, эркин учаётган (двигателлари юргизилган) ЕСЙ ва КК ларда рўй беради. Космонавт кабинадан очиқ космосга чиққанда ҳам Вазнсизлик ҳолатида бўлади, чунки очиқ космосда таянч йўқ. Космик фазога учиш кишидан жисмоний ва асабий куч талаб қилади. Киши космик фазода ғайритабиий шароитда бўлади. Узоқ вақт (ойлар ва йиллар) Вазнсизлик ҳолатида бўлиш тирик организм учун зарарлидир. Шунинг учун КК ичида муайян даражада ўта зўриқиш ҳосил қилиниши, КК гилдирак шаклида ясалиши, КК ғилдирак текислигига тик ўқ атрофида айланиб туриши керак, деган таклифлар ҳам бўлган.

Loading...