ВЕНА

ВЕНААвстрия пойтахти. Дунай дарёси бўйида. Альп тоғларининг шим.-шарқий тармоғи — Вена Ўрмони (Винервальд) тоғи этагида жойлашган. Аҳолиси 1,6 млн. дан зиёд киши (1990й. лар охирлари). Венада янв. нинг ўртача т-раси — 1,5°, баъзан — 12° дан —18° гача совуқлар ҳам бўлиб туради. Июлнинг ўртача т-раси 20°.

1 – а. да Вена ўрнида Рим легионларининг лагери (Виндобон) бўлган. Манбаларда Вена номи дастлаб 881, сўнгра 1030 й. дан тилга олинади. 12-а. ўрталаридан Австрия герцогларининг қароргоҳи. 16-а. дан кўп миллатли Австрия-Габсбурглар давлатининг пойтахти. Вена 18—19-а. лардан Европа маданияти (айниқса мусиқа маданияти)нинг йирик марказларидан бири. 1805—06 ва 1809 й. ларда Венага Наполеон 1 қўшинлари бостириб кирган. 1814—15 й. ларда Вена конгресси чақирилган. 1848—49 й. ларда Вена революцион кураш маркази. 1867—1918 й. ларда В. Австрия-Венгрия пойтахти. 1938 й. мартда немис қўшинлари Австрия-ни, шу жумладан Венани ҳам эгаллади. 1945 й. 13 апр. да фашистлардан озод қилинди, ўша йили июлда Венада Австриянинг оккупация зоналари ва Венани идора қилиш ҳақидаги битимлар имзоланди. 1955 й. майда Венада мустақил ва демократик Австрияни тиклаш ҳақидаги давлат шартномаси имзоланди, окт. да Австрия парламенти Австриянинг доимий бетарафлиги ҳақида қонун қабул қилди. В. Австриядаги энг йирик, Европадаги муҳим транспорт йўллари тугуни. Швехат халқаро аэропорти бор. В. мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази, йирик дарё порти. Мамлакатдаги саноат и. ч. нинг қарийб ярми Венага тўғри келади. Машинасозлик, (электротехника, транспорт машиналари), кимё, тикувчилик, пойабзал, полиграфия, озиқ-овқат саноати ривожланган. Экспорт учун кийимбош, пойабзал, мусиқа асбоблари ва б. ишлаб чиқарилади.

Венанинг марказий қисмида Стефан собори (12—15-а. лар), Барокко усулида қурилган Карл Борромей черкови (171637), Шёнбрунн (тахм. 1695-1700), Шварценберг (1697-1715), Шёнборн (1706-11), Бельведер (1714 — 24) каби сарой ва бинолар сақланган. 19-а. да ва 20-а. нинг бошларида қурилган бинолар (музей, 1870—91; театр, 1870—88; Сецессион кўргазмалар биноси, 1899) модерн услубига хосдир. Венада ФА, Вена университеты, бир қанча олий мактаблар, Мусиқа санъат академияси, Бург театри, опера театри, Л. Бетховен, Й. Гайдн, В. А. Моцарт, Ф. Шуберт, И. Штраус уй-музейлари ва б. бор. 15 дан ортиқ музей, кўргазма заллар ва саройларда бадиий санъатнинг нодир коллекциялари сақланади. Энг йирик кутубхоналари: Миллий кутубхона, ун-т кутубхонаси. Метрополитен бор. Вена — ЮНИ-ДО, МАГАТЭ ва б. халқаро ташкилотларнинг қароргоҳи.

Loading...