ВЕНАЛАР

ВЕНАЛАР (лот. vena — вена, кўк қон томир) — веноз қонни (карбонат ангидрид билан тўйинган) аъзо ва тўқималардан юракка олиб келувчи кон томирлар (ўпка В. и бундан мустасно, улар артериал қон ташийди). Одамда учта Веналар тизими мавжуд. Юқори ковак вена гавданинг юқори ярми (бош, бўйин, қўл ва кўкрак)дан юракка қон келтиради, пастки ковак вена гавданинг пастки ярми (оёқ, чаноқ, ёнбош, қорин бўшлиғидаги жуфт аъзолар ва жигар)дан юракка қон ўтказади; дарвоза (қопқа) вена қорин бўшлиғидаги (жигардан бошқа) тоқ аъзолардан жигарга веноз қон келтиради ва жигардан тозаланиб чиққан қон пастки ковак венага, гавданинг ҳамма қисмидан келадиган қон эса юракнинг ўнг бўлмасига қуйилади. Кислороди камайган, тўқималарда моддалар алмашинувида ҳосил бўлган чиқиндилар, карбонат ангидрид (СО2) билан тўйинган (веноз) қон ковак Веналар орқали юракка боради. Ўпкада карбонат ангидрид газидан тозаланиб, кислород билан тўйинган (артериал) қон ўпка Веналари орқали юракнинг чап бўлмасига қуйилади. Веналар девори артерия деворига қараганда юпқароқ, эластик тўқимаси ва мускуллари ҳам камроқ бўлгани учун бу томирлар осонгина пучаяди ва ёрилади. Кўпчилик Веналарда қопқоқлар (клапанлар) борлиги учун қон оқими фақат юракка йўналади, тескари оқа олмайди. Веналарда қон артериялардагига нисбатан секин оқади. Хар бир артерия ёнида иккитадан вена бор. Тери ости артериялари ёнида Веналар бўлмайди. Баъзи ковак аъзолар (бачадон, тўғри ичак, қовуқ ва б.) атрофида Веналар жуда кўп бўлиб, улар ҳатто вена чигалини ҳосил қилади. Организмдан қон чиқариш, дори юбориш, қон қуйишда тери остидаги Веналар (кўпинча тирсак венаси, ёш болаларда бўйинтуруқ венаси)дан фойдаланилади. Веналар касалликларидан веналарнинг варикоз кенгайиши, тромбофлебит кўпроқ учрайди.