ВЕНГРИЯ

ВЕНГРИЯ (Magyarorszag), Венгрия Республикаси (Magyar Koztar-sasag) — Европанинг марказий қисмида, Дунай дарёсининг ўрта оқимида жойлашган давлат. Майд. 93 минг км2.

Аҳолиси 10,44 млн. киши (2000). Пойтахти — Будапешт ш. Маъмурий жиҳатдан 19 вилоят (медье) га бўлинади. Будапешт алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилган.

Давлат тузуми. Венгрия — демократик давлат. Амалдаги конституцияси 1949 й. 20 авг. да қабул қилинган (кейинчалик ўзгариш ва қўшимчалар киритилган). Давлат бошлиғипрезидент (2000 й. дан Ф. Мадл). Президент мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони ҳисобланади, ҳукумат бошлиғини тайинлайди, қамал ёки фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқига эга. Унинг ваколат муддати — 5 й. Қонун чиқарувчи органи — парламент — Давлат мажлиси. Уни аҳоли ялпи тенг ва яширин овоз бериш йўли билан 4 й. муддатга сайлайди. Ижроия ҳокимият органи Вазирлар Кенгаши бўлиб, унга бош вазир бошчилик қилади.

Табиати. Мамлакат ҳудуди асосан те-кисликдан иборат. Дунай дарёсининг сўл соҳили — Катта Ўрта Дунайнинг бир қисмида 100 — 200 м баландликдаги тепаликлар учрайди. Дунайнинг ўнг соҳили 150—200 м баландликдаги Дунантуль ўрқир текислиги ва Ўрта Венгер тоғларининг массивлари (Баконь, Вертеш, Пилиш, Мечек ва б.) дан иборат. Мамлакатнинг шим.-ғарбида Кичик Ўрта Дунай пасттекислигининг жан. қисми (Кишальфёльд), шим.шарқда Карпат тоғларининг этаклари (мамлакатнинг энг баланд нуқтаси — Матра массивидаги Кекеш тоғи, 1015 м), ғарбда Альп тоғларининг ён бағри (бал. 500—800 м) жойлашган. Асосий фойдали қазилмалари: боксит, қўнғир ва тошкўмир, нефть, табиий газ, уран, марганец, темир рудалари. Балатон кўли қирғоқларида шифобахш термал ва маъданли иссиқ сув булоқлари бор. Иқлими — мўьтадил, континентал. Янв. да ўртача т-ра — 2, —4°, июлда 20, 22,5°. Йиллик ёғин миқдори шарқда 450 мм дан жан.-ғарбда 900 мм гача. Шар-қида қурғоқчилик бўлиб туради. Ёғиннинг кўпи ёз бошида ва кузда ёғади. Дунай дарёси Венгрияни ва унинг пойтахти — Будапештни кесиб ўтади. Унинг ирмоқлари — Тиса, Раба. Венгрияда кўллар кам, энг каттаси Балатон кўли. Ерларининг кўп қисми — қора тупроқ. Тоғ ва адирларда қўнғир ўрмон ва карбонатли чим. Тиса ва Дунай водийларида аллювиал тупроқпар. Альфёльдда шўрланган кам унум тупроқлар учрайди. Венгрия ҳудудининг 17,6 % ўрмон билан қопланган. Ўрмонлар асосан тоғ ён бағирларининг 300 — 400 м дан баланд қисмларида сақланиб қолган. Ҳайвонлардан қуён, дала сичқони, юмронқозиқ, тулки, типратикан, қушлардан тўрғай. қораялоқ, қизилиштон, бойқуш. қамишзорларда сув паррандалари учрайди. Венгрияда Қишбалатон қўриқхонаси, Тихань, Хортобад ва б. миллий боғлар бор.

Аҳолининг 97% венгерлар, шунингдек немислар, словаклар, хорватлар, руминлар, яҳудийлар, серблар, словенлар, поляклар, лўлилар ва б. ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги: 1 км: га 115 киши тўғри келади, 62% аҳоли шаҳарларда истиқомат қилади. Диндорлар асосан католиклар (64%) ва протестантлар (23%). Расмий тили — венгер тили. Йирик шаҳарлари: Будапешт, Мишкольц, Дебрецен, Сегед, Печ.

Тарихи. Венгрия ҳудудида дастлабки манзилгоҳлар палеолит даврида пайдо бўлган. Бу ерда скиф, иллирий, кельт қабилалари яшаган. Мил. ав. 1-а. охири ва мил. 2-а. бошларида уларни Рим империяси забт этган. Кейинчалик, халқларнинг буюк кўчиши даврида Венгрия ҳудудида герман ва туркий элатлар келиб жойлашган. 6-а. да славянлар келган. Ҳоз. венгерларнинг аждодлари мил. давр бошларида Қора денгиз бўйларида яшар эди. Кўчманчи чорвадор венгер қабилалари 9-а. охирларида ғарбга силжиб, ҳоз. Венгрия ҳудудига келиб жойлашган. Венгрия давлатининг шаклланишида 997 й. христианликнинг қабул қилиниши ва князь Иштван I нинг тахтга ўтириши муҳим роль ўйнади. У 1000 й. да ўзини қирол ва давлатни қироллик деб эълон қилди. 10-а. нинг иккинчи ярмидан бошлаб деҳқончилик ривож топди, ерга хусусий мулкчилик кучая борди. Мўғулларнинг ҳужуми (1240—41) Венгрияни вайрон қилди. Бу даврда қирол Бела JV (1235—70) Австрияга қочди. 1242 й. да босқинчилар кетгач, қирол қайтиб келиб, мамлакат хўжалигини қайта тиклаш, мамлакатни мустаҳкамлаш чораларини кўрди: майда ва ўрта дворянларга имтиёзлар берди, қўшни давлатлар билан алоқа ўрнатди. Унинг вафотидан кейин феодал тарқоқлик кучайди. Карл Роберт (1308— 42) ва унинг ўғли Лайош (Людовик) (1342—82) даврида ҳокимият марказлаштирилиб, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига эътибор берилди.

15-а. бошидан Венгрияга турклар тахдид солди. Дастлаб 1416, 1418 и. ларда турклар Венгрия жан. га бостириб кирди. Мамлакатдаги феодал тарқоқлик туркларга қарши муваффақиятли кураш олиб боришга халақит берди. Ички низолар кучайди, деҳқонларни эксплуатация қилиш зўрайди. Ўзаро урушлар, деҳқонлар ғалаёни мамлакатни тобора заифлаштирди. Мохач яқинида венгерлар султон Сулаймон армиясилан енгилиб (1526), В. нинг марказий ва жан. қисми Туркияга (150 й. давомида) қарам бўлиб қолди, ғарбий ва шим. қисми Австрияга ўтди. Венгер дворянлари Австрия монархи Фердинанд Габсбургни ўз қироли деб тан олди. Венгриянинг шарқида Трансильвания князлиги ташкил топди, кейинчалик у ҳам Австрияга қарам бўлиб қолди (1858).

18-а. дан бошлаб чет эл зулмига қарши озодлик кураши кучайди, бу кураш Ференц II раҳбарлигида 10 й. давом этиб, пировардида мағлубиятга учради. 1711 й. ги Сатмар сулҳига мувофиқ, Австрия ўз таъсирини бутун Венгрия ҳудудига ўтказа бошлади. Габсбурглар ўтказган қатор ислоҳотлар ва «маърифатли абсолютизм» сиёсатига қарамай, 18-а. охиридаги Француз буржуа инқилоби таъсирида Венгрияда Австрия ҳукмронлигига қарши норозилик кучайди. 1848 й. 15 мартда В. Да помешчиклар тузуми ва Австрия зулмига қарши инқилоб бошланди. 1849 й. 5 янв. да Австрия қўшинлари Венгрия пойтахтига кирди. Венгриянинг барча қонунлари бекор қилинди, мамлакат Австриянинг вилоятига айлантирилди. 1867 й. Австрия ҳукумати венrep ҳукмрон доиралари билан келишиб Австрия-В. монархиясини тузди.

1 – жаҳон уруши натижасида бу монархия парчаланди. 1918 й. окт. даги инқилоб натижасида Венгрия мустақил давлатга айланди (16 нояб. да республика деб эълон қилинди). 1919 й. 21 мартда В. Совет Республикаси бўлди. У 1919 й. 1 авг. да ағдарилгач, мамлакатда Хорти диктатураси (1920—44) ўрнатидди. Венгрия Италия ва Германия билан яқинлашди. Мамлакат иқтисодиёти Германия фашизмига хизмат қилдирилди. 2-жаҳон урушида Германиянинг иттифоқчиси сифатида қатнашди. 1944 й. мартда гитлерчилар Венгрияни босиб олдилар. Улар ҳокимият тепасига Ф. Салашини қўйдилар. 1944 й. сент. да Венгрия немис қўшинларидан озод қилина бошлади. 1944 й. 22 дек. да тузилган Венгрия мувақққат миллий ҳукумати орадан 6 кун ўтгач, Германияга қарши уруш эълон қилди. 1945 й. 4 апр. да Венгрия немис кўшинларидан бутунлай озод этилди. 1946 й. 1 фев. да Венгрия республика деб эълон қилинди. 1949 й. дан Венгрия Халқ Республикаси деб аталди. Мамлакатда саноат, банклар, транспорт давлат ихтиёрига олинди, ер ислоҳоти ўтказилди. Компартиянинг бир партияли режими кенг миқёсда ижтимоий норозиликка сабаб бўлди. 1956 й. окт. даги халқ исёнида демократик эркинликлар берилиши талаб қилинди. Шўро қуролли кучлари бу исённи шафқатсизларча бостирди. Варшава шартномасидан чиқмоқчи эканини эълон қилган И. Надь ҳуқумати қамоққа олинди. Шундан кейинги йилларда Я. Кадар бошчилигидаги мамлакат раҳбарияти мафкуравий муроса ва хўжалик ислоҳоти ўтказиш йўли билан Венгрия социалистик ишчи партиясининг мавқеини мустаҳкамлашга уринди. 1989 й. да 1949 й. ги конституция ўзгартирилиб, Венгрия демократик ҳуқуқий давлат деб эълон қилинди. 1989 й. 18 окт. да мамлакат В. Республикаси деб аталди. Венгрия 1955 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР б-н дипломатия муносабатларини 1992 й. 3 мартда ўрнатган. Миллий байрамлари: 15 март — 1848—49 й. буржуа инқилобининг бошланиши; 20 авг. — В. давлати асосчиси Авлиё Иштван куни; 23 окт. —1956 й. инқилоб ва озодлик кураши бошланган кун ва 1989 й. В. Республикаси эълон қилинган кун.

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. В. ишчи партияси (1918 й. да асос солинган В. Коммунистик партиясининг вориси, 1948 й. дан Венгрия меҳнаткашлар партияси деб аталган. 1989 й. 7 окт. даги 14-съездда партия фаолиятини тўхтатиш ва унинг негизида социалистик ишчи партиясини тузишга қарор қилинди. Бу партия 1993 й. мартидан Венгрия ишчи партияси деб аталадиган бўлди), В. социалистик партияси (1989 й. да ташкил этилган), В. демократик форуми (сиёсий ташкилот сифатида 1987 й. да тузилган), Эркин демократлар иттифоқи (1988 й. да асос солинган ва сиёсий партия тарикасида 1989 й. да шаклланган). Касаба уюшмалари: Мустақил касаба уюшмалари демократик лигаси (1988 й. да мустақил касаба уюшмаларини бирлаштириш мақсадида тузилган), В. касаба уюшмалари федерацияси (Умумвенгрия касаба уюшмалари негизида барпо этилган; Таъсис съезди 1990 й. да бўлган).

Хўжалиги. Венгрия — индустриал-аграр мамлакат. Саноати илғор техника билан қуролланган, қ. х. юксак даражада ривожланган. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 35,5%, қишлоқ ва ўрмон хўжалигининг улуши 12%.

Саноати нинг етакчи тармоклари: машинасозлик, қора ва рангли металлургия, электроника, озиқ-овқат, мебель ва енгил саноат. Ёқилғи-энергетика балансида кўмир асосий ўрин эгаллайди (Татабанья, Орослань, Боршод, Мечек ва б. конлар). Нефть ва табиий газ қазиб олиш ривожланган. Электр энергия асосан иссиқпик электр ст-яларида ҳосил қилинади (йилига ўртача 32,5 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади). Қора металлургия асосан четдан келтириладиган руда ва кокс асосида ишлайди. Бу тармоқнинг асосий марказлари: Мишкольц, Озд ва Дунайварош. Боксит-алюминий саноати ҳал қилувчи аҳамиятга эга (Альмашфюзит, Айка, Татабанья, Инот, Ньирад-Деаки ва б.). Машинасозликнинг асосий тармоқлари — электр техника, приборсозлик, алоқа воситалари, ҳисоблаш техникаси, тиббиёт асбоб-ускуналари и. ч., шунингдек транспорт воситалари, айниқса кемасозлик, т. й. вагонлари, автобус и. ч. («Икарус» з-длари) ривожланган. Металл қирқиш станоклари, кимё, енгил, озиқ-овқат саноати учун асбоб-ускуналар, қ. х. машиналари, ёритиш приборлари ҳам ишлаб чиқарилади. Машинасозликнинг асосий марказлари: Будапешт, Дьёр, Мишкольц, Секешфехервар ва Дебрецен. Фармацевтика корхоналари Будапешт ва Дебреценда жойлашган. Кимё саноати (маъданли ўғитлар, органик синтез маҳсулотлари и. ч.) муҳим аҳамиятга эга. Енгил саноат тармоқлари орасида тўқимачилик, тикувчилик, пойабзал и. ч. (Будапешт, Дьёр, Сегед, Печ ва б. шаҳарларда), озиқ-овқат саноати (виночилик, мева-сабзавот консерва, ун тортиш, қанд-шакар, гўшт саноати ва б.) ривожланган.

Қишлоқ хўжалигида асосий ўринни деҳқончилик олади. Ҳайдаладиган ернинг 2/3 қисмига ғалла экилади. Техника экинларидан қанд лавлаги, кунгабоқар, тамаки, шунингдек картошка етиштирилади. Сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик маҳсулотининг анчагина қисми чет элларга чиқариб сотилади. Чорвачиликнинг асосий тармоқлари — чўчқачилик ва паррандачилик. Қорамолчилик, қўйчилик ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳам ривожланган. Балатон кўлида ва Дунай дарёсида балиқ овланади.

Транспорти. Т. й. ва автомобиль транспорти В. транспортининг асосини ташкил килади. Т. й. ларнинг уз. — 7752 км (2277 км электрлаштирилган), автомобиль йўлларининг уз. —30 минг км дан ортиқ, ички сув йўлларининг уз. 1,6 минг км ни ташкил этади. Дунай дарёсида кемалар катнайди; у канал орқали Балатон кўли билан туташтирилган. Асосий порти — Будапешт ш.

Венгрия четга асосан машиналар ва асбобускуналар, химикатлар, электр ашёлари, боксит, дори-дармон, кийим-кечак, қ. х. ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари чиқаради. Четдан хом ашё, ёқилғи, енгил ва юк автомобиллари, тракторлар, дон комбайнлари, маъданли ўғитлар ва б. сотиб олади. Чет эл сайёҳлиги ривожланган. Венгрия иктисодиётига хорижий сармоя жалб этиш суръатлари анча юқори. Венгрия нингташқи савдодаги мижозлари — Ғарбий ва Шарқий Европа мамлакатлари. Пул бирлигифоринт.

Тиббий хизматга Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлик қилади. Венгрияда 90 мингдан ортиқ ўринли касалхоналар бор; 30 мингга яқин шифокор тиббий ёрдам кўрсатади. Шифокорларни Будапешт, Сегед, Печ, Дебрецендаги тиббиёт ин-тлари тайёрлайди.

Халқ маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Венгрияда 8 й. лик мажбурий бошланғич таълим жорий этилган. Давлатга, черковга карашли, хусусий ўрта ўқув юртлари бор. Венгрияда 887 ўрта махсус ўқув юрти ва 91 олий ўқув юрти ҳамда коллежлар ишлайди. Будапешт университети В. даги энг йирик олий ўқув юртидир. Печ ш. даги ун-т (1367 й. ташкил этилган) ҳам мамлакатдаги энг қад. ўқув юртларидан. Венгрияда Венгрия Фанлар академияси, геол., зоотехника, фармакокимё ва бошқа и. т. институтлари бор. Йирик кутубхоналари: Давлат кутубхонаси, Будапешт ун-ти, парламент кутубхоналари. Венгрияда Миллий музей (1802 й. ташкил этилган), Миллий галерея, Тасвирий санъ-ат, табииёт-тарих, илмий-технология (ҳаммаси Будапешт ш. да), Шопрон ш. да Ференц Лист, Секешфехерварда қирол Иштван музейлари мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Венгрияда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Энг йириклари: «Дейли ньюс» («Кундалик янгиликлар», инглиз ва немис тилларидаги кундалик газ., 1979 й. дан), «Курир» (мустақил кундалик газ., 1990 й. дан), «Мадьяр немзет» («Венгер миллати», кундалик сиёсий газ., 1938 й. дан), «Мадьяр хирлап» («Венгер газетаси», кундалик сиёсий газ., 1968 и. дан), «Непсабадшаг» («Халқ эрки», кундалик газ., 1942 й. дан), «Непсава» («Халқ сўзи», кундалик газ., 1873 й. дан), «Сабадшаг» («Озодлик», ҳафталик газ., 1990 й. дан), «Кортарш» («Замондош», ойлик адабий жур., 1957 й. дан), «Мадьяр шайто» («Венгрия матбуоти», ойлик жур., 1960 й. дан), «Май магазин» («Замонавий журнал», ойлик жур., 1981 й. дан). Венгрия телеграф агентлиги (МТИ) 1880 й. да, Венгрия радиоси 1924 й. да, Венгрия телевидениеси 1957 й. да ташкил этилган.

Адабиётининг тарихи халқ оғзаки ижодидан бошланади. Унинг айрим парчалари ўрта асрларга оид лотин тилидаги рисолаларда сақланиб қолган. Номаълум муаллифнимг «Венгерларнинг ишлари» рисоласи шу жумладандир. Венгер тилидаги дастлабки ёзма адабиёт обидалари — «Қабр устидаги ваъз», «Ассизлик Францискнинг саргузашти» асарлари 13—14-а. ларга мансуб. Я. Паннониус ва Б. Балашши 15 — 16-а. ларда лирик шеърлари билан машҳур бўлдилар. Турклар зулмига қарши мустақиллик йўлидаги курашга бағишланган асарлар миллий адабий тилнинг шаклланишига баракали таъсир қилди. М. Зринининг «Сигет фалокати» эпик достонида миллий бирлик ғояси мадҳ этилди. М. Дьёндьёшининг эпик асарлари 17-а. венгер классицизмининг намунасидир. 18-а. да маърифатчилик адабиёти пайдо бўлди. Бу даврда «Агис», «Файласуф», «Тарименнинг саёҳати» асарларининг муаллифи Д. Бешшенеи, демократик руҳдаги «Доротея» ҳажвий эпоси билан шуҳрат қозонган М. Чоконаи-Витез ижоди муҳим. Й. Катони, М. Вёрёшмарти, миллий мадҳия матнининг муаллифи Ф. Кёльчеи романтик асарлари билан танилди. 19-а. нинг 40й. ларида адабиётда реализм куртаклари кўрина бошлади. Й. Этвёш «Қишлоқ нотариуси», «1514 йилда Венгрия» романларида эски феодал тартибларини танқид қилди, Дожи бошчилигидаги деҳқонлар қўзғолонини акс эттирди. «Паҳлавон Янош», «Миллий қўшиқ» эпик достонларининг муаллифи Шандор Петёфи венгер шеъриятини халқчиллик, демократизм, реализм гоялари билан бойитди. Петёфи шеърияти 1848—49 и. лар инқилобида зўр аҳамият касб этди. Бу даврда Я. Араннинг Толди ҳақидаги поэмалар трилогияси («Толди», «Толди кечаси», «Толдининг муҳаббати») ва қатор шеърларида деҳқонларнинг феодал тузумга қарши норозиликлари ифодаланди.

Венгер адабиётига шоир Э. Ади катта ҳисса қўшди. Унинг «Венгер даштида», «Венгер якобинчиси қўшиғи», «Дьёрдь Дожи невараси», «Жанговар йўл» каби асарлари жамиятни қайта қуриш руҳи б-н суғорилган. 1 – ва 2-жаҳон урушлари орасидаги даврда венгер инқилобий лирикасининг йирик вакили А. Йожеф асарлари кенг тарқалди. Испан миллий озодлик курашида генерал Лукач номи б-н шуҳрат қозонган ёзувчи Мате Залка қатор асарларида, шунингдек «Добердо» романида озодлик йўлидаги курашчилар образини яратди, меҳнаткашлар онгининг уйғонишини ҳаққоний тасвирлади. Венгрия адабиётининг йирик вакиллари Л. Мештерхази, А. Беркеши, И. Добози, Л. Эрдёш асарлари янги инсоннинг шаклланиши масалаларига бағишланган. Таникли шоирлардан Д. Ийеш, И. Шимон, Г. Гараи лирик асарлари, Й. Дарвашнинг «Бадмаст ёмғир» романи ва Д. Фекётнинг «Врач ўлими», Ф. Шантининг «Соат йигирма», И. Эркеннинг «Тотовлар хонадони» қиссалари ижтимоий мавзунинг чуқур таҳлил этилиши, руҳий ҳолат тасвирининг теран фалсафийлиги билан Венгрия адабиётида алоҳида ўрин олади.

Меъморлиги. Венгрия ҳудудида палеолит ва неолит даврларига оид манзилгохларнинг қолдиқлари, скиф-сармат ва антик маданиятларнинг ёдгорликлари топилган. Милоднинг дастлабки асрларига мансуб Қад. Рим меъморий ёдгорликлари сақланган. 11—12-а. ларда Печ, Эстергомда меъморлик мактаблари вужудга келди. 11 —13-а. ларда роман ва готика услубидаги қўрғонлар, қасрлар ва турар жойлар қурилди. 15-а. нинг 2-ярмидан Уйғониш даври тамойиллари вужудга кела бошлади. 17-а. охирларида австрияликлар таъсирида барокко услуби ёйилди. 19-а. да классицизм услуби таркиб топди. 19-а. охирида Будапештни қуриш авж олди (парламент биноси, опера театри ва б.). 19—20-а. бўсағасида венгер «модерни» меъморлигида халқ меъморлиги усулларидан фойдаланилди. 20-а. ўрталаридаги Венгрия меъморлари салобатли саноат, турар жой, маъмурий бинолар барпо этишга киришдилар. Комло, Варианати, Будапешт ш. ларида жаҳоннинг энг куркам меъморий мажмуалари барпо этилди. Будапештдаги марказий стадион (меъмор К. Давид ваб.), бинокорлик саноати касаба уюшмаси ходимлари уйи (меъмор Л. Гардораш ва б.), Дунай дарёсига қурилган Эржебет кўприги (меъмор П. Шали), Балатон кўли бўйидаги меҳмонхоналар ва б. бинолар Венгрия меъморлигининг муваффақияти бўлиб, индустриал асосда барпо этилган.

Тасвирий санъати. Венгрия ҳудудида сопол ҳайкаллар (неолит даври), кельт ва скифларнинг санъат ёдгорликлари сақланиб қолган. Рим даври манзилгоҳларида турли расмлар, ҳайкалчалар, гулдонлар топилган. Ўрта асрлардаги рассомлик, ҳайкалтарошлик (Авлиё Георгийнинг отга миниб турган ҳайкали, бронза, 14-а., Мартон ва Дьердь Коложварлар ишлаган) ҳамда бадиий ҳунармандлик буюмлари сақланган. Уйғониш даврида (15-а. охирлари, 16-а. бошлари) Венгрия санъати юксак босқичга кўтарилди. Ўтмиш анъаналари турклар ҳукмронлиги даврида ҳам маҳаллий тусда давом этди. Бу нарса ёзма китобларни безашда, амалий-безак санъатида намоён бўлди. 17-а. охири, 18-а. бошларида барокко услубидаги портрет рассомлиги ривожланди (А. Маньоки). 19-а. да портрет (М. Барабаш), манзара (ота-бола Марколар), рассомлик, ҳайкалтарошлик (И. Ференци), сураткашлик (М. Зичи) ривожланди. 1848—49 й. лардаги инқилобдан кейин озодлик ғоялари билан суғорилган тарихий картиналар яратилди (В. Мадарас, Б. Секей). Машҳур рассом М. Мункачи эса ижтимоий ҳаётни ифодаловчи чуқур ғояли картиналар яратди. 19-а. охири, 20-а. бошларида И. Ревес, А. Феньеш, Я. Торняи, К. Керишток, Д. Руднаи каби рассомлар венгер рассомлиги анъаналарини давом эттирдилар. М. Ижо, А. Штробль каби ҳайкалтарошлар реалистик асарлар яратдилар. Шу давр Венгрия санъатида Ш. Холлоши асос солган Надбань реалистик рассомлик мактаби катта роль ўйнади. Венгриянинг 20—30-й. лар санъатида Дюла Деркович ва Иштван Деши-Хубер каби машҳур рассомлар ижод қилдилар. Фашизм тартиби ўрнатилгандан кейин кўпгина тараққийпарвар рассомлар чет элларда ишладилар, мамлакатда қолганлари ижтимоий ўткир таъсирчан асарлар яратдилар. Рассомлардан Берталан Пор, Аурель Бернат, Иштван Сёньи, ҳайкалтарошлардан Бени Ференци, Жигмонд Кишфалуди-Штробль, Йожеф Шомодьи, Тамаш Вига, Дёрдь Шегешди, Ференц Ковач ва б. Венгрия тасвирий санъатини бойитдилар. Венгрияда амалий санъат ҳам қад. анъаналарга эга; Ноэми Ференц яратган гобеленлар, Маргит Ковач яратган сопол буюмлар эътиборли.

Мусиқаси. Венгер халқ қўшиқлари бир овозлидир; қад. оҳанглари эса мари,удмурт, чуваш куйларини эслатади. Игриц деб аталувчи венгер халқ бахшидостончилари ҳақидаги дастлабки маълумот Ю-а. га тааллуқли. Христианлик расмий дин бўлиб қолгач (10-а.), Григорием хоралининг таъсири кучайди. Профессионал Венгрия мусиқаси (13-а. дан) зодагонлар орасида равнақ топди. Унда Ғарбий Европа мусиқаси билан венгер халқ мусиқа оҳанглари қўшилди. 16-а. да лютня ижрочиси ва хонанда Ш. Тинодининг тарихий мавзудаги дастлабки дунёвий қўшиклари, Б. Бакфарк каби созандакомпозиторларнинг чолғу асарлари нашр этилди. 17—18-а. ларда Венгрия зодагонларининг кўпчилиги ўзларининг хор ҳамда чолғу капеллалари билан ном чиқаришди.

18-а. охиридан чолғу мусиқасининг янги рақсбоп жанри — вербункош тараққий этди. Унинг шаклланишида Венгрия лўли созандалари катта роль ўйнади. Кейинчалик миллий мусиқанинг асосий услуби даражасига кўтарллган вербункош барча жанрларга таъсир қилди. Композитор Й. Рузичка шу услуб заминида биринчи Венгрия операси («Беланинг қочиши», 1822) ни ёзди. Ўз ижодида вербункош билан Италия операнавислик тажрибасини қўшган 19-а. атоқли композитори Ф. Эркель «Банк бан», «Ласло Хуньяди», «Дьёрдь Дожа» сингари миллий озодлик ҳаракати руҳидаги операларни яратди. Вербункош оҳанглари Гайдн, Моцарт. Бетховен, Шуберт, Брамс, Берлиоз, Лист сингари композиторларни илҳомлантирди. 1834 й. да дастлабки Миллий мусиқа мактаби ташкил топди. Шунинг заминида Ф. Лист Мусиқа академиясини барпо қилди (1918 й. дан Лист номидаги Олий мусиқа санъати мактабига айланган). Пештда опера театри (1837), Миллий консерватория (1840, кейинчалик олий мусиқа мактаби деб иомланган) барпо бўлди. 1853 й. Филармония жамияти ташкил топди. Машҳур пианиночи, композитор Ф. Лист фаолияти 19-а. В. мусиқа тараққиётида катта роль ўйнади. Б. Барток, 3. Кодай сингари композитор ва мусиқашунослар халқ ижоди асарларини ўрганиб, Венгрия мусиқа маданияти ривожига катта ҳисса қўшдилар. 20-а. да Ф. Легар, И. Кальман, Венгрия Якоби оперетталари оламга машҳур бўлди. Венгрия мусиқаси тараққиётида А. Михай, П. Кадоша, Р. Марош, Э. Серванский, Ф. Фаркаш, Д. Ранки. П. Ярданьи, Ш. Соколаи, Ж. Дурко сингари композитор ва мусиқашуносларнинг хизматлари катта.

Театри. Театр куртаклари 9-а. даги кўчманчи венгерларнинг уйинлари ва маросимларига бориб тақалади. Қизиқчимасхарабозлар ва бахшилар ўзига хос халқ маданиятининг намояндалари эди. 17-а. охири — 18-а. бошларида мактаб театрлари раем бўлди. 18-а. бошида сарой театр труппалари юзага келди. 1790 й. да биринчи профессионал театр ташкил қилинди. 1837 й. да Пештда «Пешти мадьяр синхаз» номли доимий театр (1840 й. дан Венгер миллий театри) очилди. Венгрия театрининг шаклланишида актёрлардан М. ’Лендваи, Г. Эгрешши, Р. Лаборфальви, М. Ясаи, реж. Э. Паулаи катта роль ўйнадилар. 19-а. охирида яна бир қатор вилоятларда театрлар ташкил этилди. 1-ва 2 – жаҳон уруши орасида Венгрия театри чуқур тушкунликка учради. Урушдан кейин янги театрлар ишга туширилди: Будапештда Ш. Петёфи номидаги театр, М. Йокаи номидаги театр, Сегед, Печ ва б. шаҳарлардаги театрлар. Реж. лардан Т. Майор, Э. Геллерт, К. Казимир, Л. Вамош, актёрлардан Г. Байор, К. Тольнаи, А. Шомлаи, М. Габор, Ј. Руткаи, Л. Башти машҳур.

1925 й. да Будапештда турғун оперетта театри (1949 й. дан Миллий театр) ташкил қилинди. Балет санъати 19-а. охирида пайдо бўлиб, 20-а. бошида ривожланди. Будапештдаги Миллий театр қошида балет мактаби бор. Венгрияда эстрада, қўғирчоқ театри, цирк ва цирк мактаби ҳам мавжуд.

Киноси. 19-а. охирида дастлабки хроника фильмлари суратга олина бошлади. 1896 и. Будапештда биринчи кинотеатр очилди. 1901 й. да венгер фильми «Раке» (реж. Б. Житковский) яратилди. Шу фильмдан илмий-оммабоп кино тарихи бошланган. 1912 й. 14 окт. да миллий бадиий кинематография юзага келди. 1912 й. дан Венгрия фильмлари мунтазам суратда ишлаб чиқарила бошлади. Кейинги йилларда Венгрияда яратилган фильмлар ҳаққонийлиги, жиддий масалаларни кўтариб чиққанлиги билан ажралиб туради. Венгрия кинематография илмий тадқиқот ин-ти (1956), Театр ва кино ин-ти бор. Венгрияда ишлаб чиқарилган кўпгина бадиий ва қисқа метражли фильмлар халқаро кинофестивалларда мукофотланган. 60—80-й. лардаги энг яхши фильмлар: «20 соат» (реж. 3. Фабри), «Ота» (реж. И. Сабо), «Ноумид» (реж. М. Янчо), «Фотосурат» (реж. П. Зольнаи) ва б. И. Печи, К. Тольнаи, М. Габор, Л. Башти, Е. Руткаи кабилар Венгрия киносининг машҳур актёрларидир.

Ўзбекистон-В. муносабатлари. Венгер ва ўзбек халклари ўртасидаги алоқалар тарихи ўтган асрдан бошланади. Бир неча машҳур венгер сайёҳининг Ўрта Осиёга қилган сафарини бу йўлдаги дастлабки одим дейиш мумкин. 19-а. да Туркистонга венгер сайёҳлари Г. Вамбери, Енё Зичи, 20-а. бошида Дёрдь Алмаши келиб, сўнгра ўз саёҳатлари тўғрисида китоблар нашр қилдиришган. Венгрия 1991 й. 26 дек. да ЎзР нинг мустақиллигини тан олди. 1992 й. икки давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилгач, шу йили март ойида Ўзбекистан Бош вазири раҳбарлигидаги делегация В. Республикасига ташриф буюрди, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди. Мазкур ҳужжат икки давлатнинг тенг ҳуқукли ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлиги учун илк асос бўлиб хизмат қила бошлади.

1993 й. нинг апр. да Ўзбекистонга Венгрия ташқи ишлар вазирлигининг давлат котиби раҳбарлигидаги делегация ташрифидан сўнг икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий алоқалар йўлга қўйилди. Тез орада «Могюрт», «Боглина» каби венгер фирмалари Ўзбекистонга кириб кела бошлади. «Могюрт» фирмаси орқали юртимизга машҳур «Икарус» автобуслари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари келтирила бошлаган бўлса, яна бошқа фирма ва компаниялар дори-дармон, енгил саноат маҳсулотларини олиб келиш б-н шуғулланишга киришди. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида венгриялик шериклар билан паррандачилик соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

1995 й. Тошкентда Венгрия савдо ва маданият маркази ишга тушди. Марказ ташаббуси билан 1996 й. нинг кузида очилган кўргазма зали пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига яхши хизмат кўрсатди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқнинг салмоқли қисмини Ўзбекистан пахтаси ва Венгрия буғдойи эгаллайди. Жумладан, 1996 й. В. га 25 млн. АҚШ доллари ҳажмида пахта ва пахта маҳсулотлари жўнатилди. Венгриядан эса жами 20 млн. АҚШ доллари ҳажмида турли товарлар келтирилди.

1997 й. нинг дастлабки саккиз ойида товар айирбошлаш қарийб 30 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

УзР Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Венгриянинг «Банк Будапешт». «Марказий Европа халқаро банки», «Венгрия ташқи савдо банки», «Банк Мажяр Хитель», «Банк Мажяр Кулькерескедельми», «Банк Интер-Европа» банклари билан вакиллик муносабатлари ўрнатган. В. Эксимбанки эса УзР Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг асосий ҳамкоридир.

УзР Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида Венгриянинг «Нови Трейд КФТ» фирмаси (ҳар қандай турдаги «Икарус» автобусларини етказиб бериш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш) ва «Гедеон Рихтер акциядорлик жамияти» расмийлаштирилган. Мазкур вазирликда венгер сармояси иштирокидаги «Файз Лтв Текстиль» (ип газлама саноати), «Ревина» (озуқа моддалари и. ч.), «Shark caola» (упа-элик ва пардоз-андоз буюмлари и. ч.), «Нови Трейд-Р» (воситачилик хизматлари) қўшма корхоналари ва 100% венгер сармояси қўйилган «Нордакс» (ташқи савдо фаолияти), «Трабикум» (улгуржи савдо), «Viklar Revmip» (кимёвий маҳсулотлар и. ч.) корхоналари рўйхатга олинган.

Венгрия президентининг 1997 й. окт. даги Ўзбекистонга ташрифи якунлари икки давлат ўртасидаги муносабатларда бурил иш ясаш учун шароит вужудга келтирди, жумладан, ҳар томонлама ҳамкорлик ва дўстона муносабатларли янада чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация, дипломатик паспортга эга бўлган фуқароларнинг ўзаро визасиз сафари тартиби ҳақидаги битим. сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Loading...