ВЕНТИЛЬ

ВЕНТИЛЬ (лот. ventilo — пуфлайман эсаман) — 1) бир томонлама ўтказувчанлик хоссасига эга бўлган электр асбобларининг умумий номи. Тўғри ток йўналишида кам қаршиликка, тескари ток йўналишида эса катта қаршиликка эга бўлади. Бошқача айтганда, Вентиль токни бир («тўғри») йўналишда яхши, иккинчи («тескари») йўналишда ёмон ўтказади. Бу хоссаси туфайли Вентиль токни тўғрилаш қурилмаси сифатида кенг қўлланилади. Вентильлик хусусияти металл ва электролит (электролитик Вентиль), металл ва газ (ион Вентиль), вакуумдаги металл ва яримўтказгич ёки ҳар хил таркибли икки яримўтказгич (яримўтказгич Вентиль) чегарасида намоён бўлиши мумкин. Вентиль ларнинг бошкариладиган ва бошқарилмайдиган хиллари бўлади. Вентиль тўғриланаётган ток қуввати (Вт, кВт), кучи (а), иш кучланиши (В., кВ), кучланишнинг тўғри йўналишда пасайиши, тескари йўналишда тешиб ўтиш кучланиши ва б. кўрсаткичлар билан ифодаланади. Вентиль радиоприёмниклар, кучли энергетика қурилмалари, электр узатиш линиялари, автоматика, электроника, ҳисоблаш техникаси, ўта юқори частоталар техникаси ва радиоқурилмаларда детектор, тиристор ва тўғрилагич сифатида ишлатилади. Умуман, диодларнинг ҳамма турлари, электролитик тўғрилагичлар ва мантикий элементлар ҳам Вентиль жумласига киради;

2) суюқлик, газ ёки буғ оқими йўлини очиб юбориш ёки беркитиб қўйиш, бу оқим миқцорини кўпайтириш ёки камайтириш учун мўлжалланган қурилма. Оддий Вентиль — водопровод жўмраги. Уни қувур (труба) га бириктириш учун икки учига ички резьба кесилади. Катта Вентильлар корпусининг икки ёнида фланец бўлади. Вентиль маховиги (банди) қўлда буралади. Қувурдан оқаётган суюқлик ёки газ босими ўзгарганда ишга тушадиган электр ёки гидравлик двигатель ёрдамида Вентильни автоматик тарзда бошқариб туриш ҳам мумкин. Вентиль водопровод, газ кувурлари, саноат трубопроводлари, санитариятехника қурилмаларида ишлатилади; 3) мусиқада — валторна, труба каби мис пуфлама мусиқа чолғулари стволи узунлигини узайтириш учун мўлжалланган механизм. Пуфлама мусиқа асбобида Вентиль сифатида айланма клапанбарабан ишлатилади. Ижрочи Вентильдан фойдаланиб турлича баландликдаги табиий товуш қаторларини ҳосил қилади.