ВЕНТИЛЯТОР

ВЕНТИЛЯТОР (лот. ventilo — пуфлайман, эсаман, силкитаман) — ҳаво ёки газларни ҳайдовчи ёки сўрувчи қурилма. Одатда, Вентилятор ҳаво ёки газни 0,15 МПа гача босим билан ҳайдайди ёки сўради. Асосий иш элементи мотор ва парракли ғилдиракдан иборат. Бинолар ва шахталар ҳавосини тозалаш, қ. х. маҳсулотлари (дон, пахта, пичан) ни қувур орқали узатиш, донни тозалаш, саралаш ва қуритишда қўлланилади. Вентиляторнинг ҳайдовчи, сўрувчи ва аралаш хиллари бўлади. Ишлаш тарзига кўра, ҳаво оқими ўқ бўйлаб йўналган ёки ўқавий Вентилятор ва марказдан қочма Вентиляторга бўлинади. Ўқавий Вентилятор цилиндрик кожух 5, парракли ғилдирак, коллектор, кираётган ҳавони йўналтирувчи аппарат, чиқаётган ҳавони йўналтирувчи аппарат ва уюрма . Марказдан қочма Вентиляторда паррак айланганда ҳаво оқими коллектордан паррак каналларига киради ва марказдан қочма куч таъсирида спирал шаклидаги кожух З ичига ўтиб, чиқиш тешигига ҳайдалади. Ҳосил қиладиган босимига қараб, Вентиляторлар уч турга бўлинади: а) паст босимли (100 мм сув уст. дан паст) — донни саралаш ва тозалаш ҳамда комбайн В. лари; б) ўртача босимли (100 мм дан 300 мм гача сув уст.) — пичан учун мўлжалланган; в) юқори босимли (300 мм дан 1500 м гача сув уст.) — дон учун мўлжалланган. Хоналарни шамоллатиш учун мўлжалланган Вентиляторлар, кўпинча, юмшоқ парракли қилиб ишлаб чиқарилади. Қаерда ишлатишга мўлжалланганлигига қараб, Вентиляторлар саноат ва маиший хилларга бўлинади. Саноат Вентиляторлари саноат корхоналари, шахталар, метрополитен йўлаклари ва б. жойларда, маиший Вентиляторлар турар жой бинолари, жамоат бинолари, уй-жойлар, идоралар ва б. жойларда қўлланилади. Вентиляторлар деворлар ичига, шипларга ўрнатилади; стол устига ва полга қўйиладиган Вентиляторлар ҳам бўлади.