«ВЕРТИКАЛЬ» — ер атмосферасининг юқори қатламларини ўрганиш учун мўлжалланган геофизик ракета. «В». нинг асосий қисми ерга қайтариб тушириладиган бўлма ва асбоблар бўлмасидан иборат. Иккала бўлмага ҳам аппаратлар жойлаштирилади. Бу аппаратлар ёрдамида қуёш атмосферасидаги ҳодисалар, Қуёшдан тарқаладиган ультрабинафша ва рентген нурларининг ер атмосферасига таъсири, микрометеорит моддаларнинг ер атрофидаги бўшлиққа тарқалиши, ионосфера ва ҳ. к. ўрганилади. «Вертикаль» ёрдамида ўтказилган тадқиқотлар натижалари «Интеркосмос» дастури бўйича ўтказиладиган тажрибалар маълумотларини тўлдиради. 1970—78 й. лар мобайнида 6 та «В» учирилган.