ВЕРТОЛЁТ

ВЕРТОЛЁТ — тикка кўтариладиган ва қўнадиган ҳаводан оғир учиш аппарати; унда кўтариш кучини битта ёки бир нечта (кўпинча, иккита) элтувчи винт вужудга келтиради. Вертолёт турган жойидан кўтарилади, тиккасига пастлаб қўнади, осмонда бир жойда муаллақ туриши, вертикал ўқ атрофида исталган томонга бурилиши, хоҳлаган йўналишда тўғри учиши мумкин. Вертолётни ниначига қиёсан ясашга кўп уринишлар бўлган. Дастлабки уриниш 15-а. га тўғри келади. Вертолётнинг биринчи расми итальян олими Леонардо да Винчи қўлёзмаларидан бирида топилган. У геликоптер (юн. heliros — спирал, винт ва pteron — қанот) ясаш ғоясини берган, лекин уни амалга оширолмаган. Юқорига кўтарила оладиган дастлабки Вертолёт (геликоптер) моделини рус олими М. В. Ломоносов 1754 й. да ясаган. Унда двигатель ролини пружина ўтаган, унинг икки томонга айланадиган икки винти бўлган. Винт-қанотли аппаратлар, яъни Вертолётлар ясаш ғоясини Францияда 1835—65 й. ларда П. д. ’ Амеркур ва Г. де Ланделл ривожлантиришди. Рус олими Б. Н. Юрьев 1912 й. да ҳаво винти назариясини ривожлантириб, Вертолёт схемасини таклиф қилди ва 1930 й. да шу схема бўйича, асосий элементлари замонавий Вертолёт никига ухшаш бир винтли, бир ўринли ЦАГИ 1—ЭА русумли жаҳонда биринчи Вертолётнинг тажриба вариантани ясади. Шу билан у вертолётсозликка асос солди. 1941 й. да у И. П. Братухин билан бирга икки винтли «Омега» вертолётини ясади ва 1946 й. да учириб намойиш қилди. Шундан кейин бирин-кетин турли русумдаги Вертолётлар ясала бошлади. Россияда М. Л. Миль ва Н. И. Камов раҳбарлигидаги илмий-лойиҳалаш муассасаси, АҚШда «Сикорский». «Боинг», «Белл», «Каман», Францияда «Сюдавиасьон», Англияда «Уэстленд», Италияда «Агуста» фирмалари Вертолёт созликка катта ҳисса қўшишди. Вертолётларни кўплаб и. ч. собиқ Иттифоқда 1951 й. бошланди. М. Л. Милнинг «Ми4», «Ми-6», «Ми-8», «Ми-10», «Ми-12» В. лари, кейинчалик Н. И. Камовнинг «Ка-15», «Ка-18, «К-25», «К-26», «Ка-50» «Учувчи акула» ҳарбий Вертолёт ва б. Русумли Вертолёт ишлаб чиқарила бошлади. Ҳозир турли-туман русумли Вертолётларни и. ч. тараққий этган.

Вертолётнинг тезлиги 350 км/соат гача етади (агар қўшимча двигатель ўрнатилса 500 км/соат дан ошади), 50 т гача юкни кўтариб уча олади. Вертолётнинг бир винтли, икки винтли ва кўп винтли, қанотли ва қанотсиз хиллари бўлади. Ҳар қандай схемадаги Вертолёт планер (фюзеляж, шасси, бошқариш органлари, электр, радио ва навигация жиҳозлари), винтли элтувчи тизим (элтувчи винтлар), двигатель (куч) қурилмаси (қ. Вертолёт двигатели) дан иборат. Механик юритмали бир винтли Вертолётда булардан ташқари қуйруқ винти ва бу винтни бошқариш тизими ҳам бўлади. Вертолётлар халқ хўжалигида (қ. х. зараркунандалари билан курашиш, йўловчилар ва юкни ташиш), геол.-қидирув ишларини бажариш, гравиметрик суратга олиш, музликларни кузатиш, ўрмондаги ёнғинларни ўчириш, йирик жиҳозларни ташиш ва ўрнатишда, қурилишда, бориш қийин бўлган жойларга шифокорларни олиб боришда, қутқарув ишлари ва б. ишларда кенг қўлланилади. Вертолёт лардан ҳарбий ишда ҳам фойдаланилади (яна қ. Авиация).