ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ НАЗОРАТИ

ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ НАЗОРАТИчорвачилик фермалари, паррандачилик ф-калари, гўштсут к-тлари, ҳайвонот маҳсулотлари ва хом ашёсини тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш билан шуғулланадиган корхоналарнинг ветеринария-санитария ҳолати устидан давлат ва и. ч. назорати тизими. Турли касалликларнинг олдини олишда, ҳайвон ва паррандаларни сўйишда, маҳсулотларни ташишда, ҳайвонлар, ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар ва хом ашёни экспорт-импорт ва улар билан савдо қилишда В.-с. н. ғоят катта аҳамиятга эга. Назорат тадбирлари аҳолини юқадиган касалликлардан асраш, ҳайвонлар ўртасида юқумли касаллик пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ўтказилади. В.-с. н. нинг вазифаси гўштни қайта ишлаш корхоналарига ветеринария хизмати кўрсатиш, деҳқон бозорларида маҳсулотларни текшириб туриш, ҳайвонларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, уларнинг маҳсулотларини четга чиқариш ва келтириш устидан назорат ўрнатишдан иборат. В.-с. н. мамлакатимиздаги ҳамма ветеринария муассасалари, жумладан гўштсут ва б. озиқ-овқатларни назорат қилиш ст-ялари, тери, жун маҳсулотларини текшириш лаб. лари, давлат чегара пунктлари, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қошидаги и. ч.-ветеринария назорат бўлими томонидан олиб борилади. В.-с. н. нинг асосий тартиби Ўзбекистан Республикасининг «Ветеринария тўғрисида» қонунида (1993 й. 3 сент.) батафсил белгиланган. Ўзбекистан Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ветеринария бош бошқармаси мамлакатда В.-с. н. га раҳбарликни амалга оширадиган марказий орган бўлиб, унинг кўрсатмалари шу соҳадаги идора ва корхоналар учун сўзсиз бажарилиши лозим

Loading...