ВЕТО

ВЕТО (лот. veto — тақиқлайман) — ривожланган давлатларда биронта орган, ташкилот қонуни ёки қарори-нинг кучга киришини тўхтатиш ёки кучга киришига йўл қўймаслик ҳуқуқи. Давлат бошлиғи қонун чиқарувчи парламент, олий мажлис қабул қилган қонунлар бўйича Вето ҳуқукига эга. Мутлақ В. — давлат бошлиғининг парламент қабул қилган қонунни узил-кесил рад қилиш ҳуқуқи; нисбий Вето — давлат бошлиғининг қонун кучга киришини фақат тўхтатиб қўядиган рад жавоби; бунда парламентга мазкур қонунни 2-марта овозга қўйиш б-н қабул қилиш ҳуқуқи берилади; умумий Вето — бутун ҳужжатни яхлит ҳолда рад этиш имкони; қисман Вето — бирон-бир ҳужжатнинг айрим қисмлари ёки моддасигина рад қилиниши. Баъзан парламентнинг юқори палатаси ҳам қуйи палатанинг қарорини тақиқлашда Вето ҳуқуқидан фойдаланади. Халқаро ҳуқуқда: БМТ Уставининг 27-моддасига биноан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари Вето ҳуқуқига эга. Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинадиган масалалар Кенгаш аъзоларининг бир фикрда бўлишини талаб қилади. Улардан бирортаси муҳокама қилинаётган қарорнинг қабул қилинишига розилик билдирмаса, қарор рад қилинган ҳисобланади.

Prev Article

ВЕТЛУГА

Next Article

ВЕХИЧИЛИК