ВИЛЛАРИ ЭФФЕКТИ — механик деформаииялар (чўзилиш, буралиш, эгилиш ва б.)нинг ферромагнетиклар магнитланувчанлигига таъсири. Итальян физиги Э. Виллари (Е. Villari, 1836 — 1904) очган (1865). Магнитланганда ўлчамлари қисқарадиган ферромагнетиклар (мас., никель) чўзилганда магнитланганлигини камайтиради. Бу ҳодиса тескари (манфий) Виллари эффекти деб аталади. Аксинча, магнитланганда ўлчамлари узаядиган ферромагнетиклар (мас., таркибида 65% никель бўлган темир-никель қотишмасидан ясалган стержень) чўзилганда магнитланганлигини кўпайтиради. Бу ҳодиса тўғри (мусбат) Виллари эффекти деб аталади. Айтиб ўтилган материаллар сиқилганда Виллари эффекти ишораси тескарисига ўзгаради. Виллари эффекти юз беришига сабаб ферромагнетикларга механик куч таъсир эттирилганда уларнинг структураси ўзгаришидир. Виллари эффекти техникада муайян магнит хоссаларига эга бўлган материаллар яратишда кенг қўлланилади.