ВИЛТ

ВИЛТ (инг. to wilt — сўлиш) , оқ палак, сўлиш — такомиллашмаган замбуруғлар қўзғатадиган ўсимлик ўтказувчи найлари касалликлари (трахеомикозлар). Вертициллёз Вилт ва фузариоз Вилт турлари бор.

Вертициллёз Вилтни Verticillium dahliae Klebahn замбуруғи қўзғатади. Икки паллали ўсимликларнинг қарийб 400 дан ортиқ турини зарарлайди. Айниқса, Ўзбекистонда кўпроқ ғўза, камроқ кунжут, дағал каноп, жут, зиғир, бақалажон, қалампир, помидор, картошка, нўхат, қовун, тарвуз, мош, ловия, ер ёнғоқ, кунгабоқар; мева дарахтларидан шафтоли, ўрик, олма ва б. ўсимликлар касалланади. Замбуруғнинг ривожланиши учун қулай ҳарорат 18—26°, тупроқ намлиги 60—80%. Замбуруғ ҳарорат —20» гача пасайганда ҳам ҳалок бўлмайди. Тупрокда ва ўсимлик қолдиғида ривожланаётган замбуруғ соғлом ўсимликка ўтади. Вертициллёз Вилтнинг асосий белгилари: ўсимлик барглари пастдан юқорига қараб зарарланади, ксилема томир деворлари қораяди. Кенг япрокуш ўсимликлар (бақалажон, дағал каноп, қовун ва б.)нинг остки яшил баргларида сариқ доғлар пайдо бўлади, кейин барг қўнғир тусга кириб қурийди, тўкилиб кетади. Энсиз япроқли ўсимликлар (каноп, кунжут, жут ва б.) баргларида эса билинар-билинмас сариқ доғлар пайдо бўлиб, барглар сўлийди, эгилади ва тўкилади. Майда баргли ўсимлик (зиғир, нўхат ва б.) барглари сарғаяди, қурийди, кейин тўкилади ёки уваланиб кетади. Вилт билан касалланган мева дарахтларида барглар тўсатдан сўлиши ёки аста-секин қуриб тўкилиши мумкин. Ғўза кучли зарарланганда деярли ҳамма барглари тўкилади, кўсаклари эса муддатидан олдин қурийди ва очилиб кетади, тола сифати кескин пасаяди, чигит мойдорлиги ва унувчанлиги ёмонлашади. Ғўза кучли зарарланганда ҳосили 30—35% гача, кўсаклар сони эса 14—15% гача камайиши мумкин.

Фузариоз Вилтни Fusarium oxysporum f.v. Bilai замбуруғи қўзғатади. Фузариоз Вилт қўзғатувчисининг ривожланиши кўп жиҳатдан вертициллёз Вилт никига ўхшаш. Кўпчилик маданий ўсимликлар: беда, дон, сабзавот-полиз экинлари, ғўза, тут ва б. касалланади. Ҳамма иқлим зоналарида тарқалган. Замбуруғ тупроқнинг 0—60 см қатламида сапрофит ҳолда, ўсимликда эса паразит бўлиб яшайди. Ўсимликнинг касалланиши ва нобуд бўлиши ҳаётий фаолияти кескин бузилишидан, томирларнинг замбуруғ иплари б-н бекилиб қолиши ва улар ажратадиган заҳарли моддалар (фузарий кислота, ликомаразмин ва б.) таъсирида юз беради. Фузариоз Вилт билан аксарият ингичка толали ғўза касалланади. Бунда ғўза баргининг томирлари ва тўқималари сарғаяди. Тўрсимон доғлар барг юзасини бутунлай қоплайди ва барглар тўкилиб кетади. Касалликнинг ўсимлик танасидаги белгиси — поя кўндаланг кесилганда сув ўтказувчи найчаларнинг қўнғир тусга кирганлигидир.

Кураш чоралари: алмашлаб экиш, уруғликни экишдан оддин дорилаш, даладан ўсимлик қолдиқларини йиғиштириб олиш, оралиқ ва кўкат экинларни (кузги жавдар, хантал, рапс, кузги нўхат) экиш, асосий ҳайдашдан олдин чириган гўнг солиш,инфекцияга чидамли навларни экиш. Ўсимликнинг касалликка чидамлилигини ошириш учун ғўзаларга 2—5 чин барг чиқарганда карбамид (мочевина)нинг 1,5% ли эритмасини пуркаш (100 л сувда 1,5 кг). Трактор ва қ. х. машиналарини ғўзаси касалланган далалардан соғлом далаларга ўтказишдан олдин уларни кучли босимли сув билан ювиш ва формалин билан дезинфекция қилиш керак.

Лд.:Авазходжаев М. X., Зельцер С. Ш ., Физиологические факторы вилтоустойчивости хлопчатника, Т., 1980; Бородин Г. И., Рунов Вилт, Физиолого-биохимические основы патогенности возбудителя вертициллезного вилта хлопчатника, Т., 1983.

Loading...