ВИНО-АРАҚ САНОАТИ

ВИНО-АРАҚ САНОАТИ — озиқовқат саноати тармоғи. Бу тармокда узум ва мева ҳамда резавор мевалар виноси, шарбати, шампан виноси, коньяк, этил спиртидан тайёрланган ўткир ичимликлар, ҳар хил арақ турлари, ликёр-арақ маҳсулотлари (ликёрлар, бальзамлар ва б.) ишлаб чиқарилади.

Токчилик ва виночилик тарихида вино Юнонистон, Финикия ва б. жойларда мил. ав. 5-а. дан бошлаб тайёрлангани ҳақида маълумот бор. Унинг тарихи Шарқда ҳам мана шу даврларга. ҳатто ундан ҳам узоққа бориб тақалади. Юнон тарихчиси Геродот «Тарих» асари 1-китобининг 204—216 бобларида массагет қабилалари уюшмасининг ҳукмдори Тўмарис ҳақида ҳикоя қилар экан, Эрон шоҳи Кир // Тўмариснинг мардлигига ҳийла билан жавоб берганини — унинг ўғли Спаргаписесни қўшини билан шароб ичириб асир олганлигини ёзади.

Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотлар бу ерда ҳам қадимдан узум шарбатидан шифобахш ва хуш кайфият бағишловчи ичимликлар тайёрланиб истеъмол қилинганлигини кўрсатади. Дастлабки пайтларда мусаллас хонаки усулда тайёрланган. Кейинчалик кўпроқ шарбат олиш мақсадида махсус қурилма ихтиро қилинган. Оққўрғон туманидаги Ҳанқа харобаларидан узум шарбатини сиқиб чиқаришга мўлжалланган мослама — тарапан (тош тахта) топилган. Тош тахтадан катта айлананинг ичига саватда ёки қопда узум бошлари қўйилган. Сўнг улар устига оғир тош босилган. Юк оғирлашган сайин узум шарбати ҳам кўпайиб, тошга ўйилган ариқчалар орқали кичик айланага оқиб ўтган. Бу ерда шарбат тиндирилиб, тозаланиб хумларга ёки бошқа идишларга оқизилган. Баъзан узум бошлари оғир тош ёрдамида эмас, балки ёғоч дастак воситасида эзғиланиб, шарбати сиқиб чиқарилган. Баъзи жойлардан топилган шароб ичиладиган идишлар сиртига бу ичимликни тайёрлаш жараёнлари тасвирланган суратлар ишланган. Суратларда пресс-тарапан, узумни эзғилаётган одамлар, тол чивиқларидан ясалган сават-қоплар акс эттирилган.

Хонадонларда узумдан мусаллас (май, шароб, чоғир), сирка, ғалла донидан бўза каби ичимликлар тайёрланган. Aммo ислом дини маст қилувчи ичимликлар истеъмол этишни тақиқлагани сабабли бу ҳунарлар кенг ёйилмай, анъанавий тарзда давом этиб келган.

Европа мамлакатларида хонаки усулда вино тайёрлаш ўрнини аста-секин мураккаб, айни чоғда кўп микдорда и. ч. имкониятини берувчи технологиялар эгаллади, яъни виночилик саноат миқёсига кўчди. 16 — 17-а. ларда — Франция, Италия, Испания, Португалияда, кейинроқ Россияда Вино-арақ саноати гуркираб ривожланди. Шампан, коньяк, винонинг турли навлари («Херес», «Мадера», «Малага», «Марсала», «Портвейн» ва б.) яратилди. 19— 20-а. ларда Ғарбда виночилик яна ҳам юқори даражада тараққиётга эришди.

Россия Ўрта Осиёни босиб олганидан кейин В.-а. с. корхоналари Ўзбекистонда ҳам пайдо бўла бошлади. Дастлаб 1866 й. да саноатчи-сармоядор И. И. Первушин Тошкентга келиб Салор ариғи бўйида вино цехини очди. Аввалига дондан, кейин кишмишдан спирт ишлаб чиқара бошлади. Айни вақтда сифатли винолар и. ч. учун хом ашё базасини яратишга киришди. Шу мақсадда 1869—70-й. ларда Тошкент атрофида 100 га майдонда узумнинг Европа навлари экилди. 1871 й. да 10 минг дал шароб сакланадиган ертўла қурилди. Тез орада И. И. Первушин цехи кенгайиб «И. Первушин ва ўғиллари» з-дига айланди. 3-д чиқарган «Тошкент қизил виноси», «Оппорто», «Султони» ҳамда «Кагор» навли винолар 1872 й. да Москвада Политехника, 1879 й. да Парижда Жаҳон кўргазмаларида олтип ва кумуш медаллар билан тақдирланди. Ҳоз. «Тошкентвино» комбинаты шу з-д асосида юзага келган.

Первушинлар билан айни пайтда яна бир бошқа саноатчи-сармоядор Д. Л. Филатов Самарқандда вино з-дини қурган (1869). Орадан 4 йил ўтгач, Париж ва Антверпенда ўтказилган жахон кўргазмаларида «Самарқандлик Филатов боғида етиштирилган узумдан тайёрланган» виноларга олтин ва кумуш медаллар берилди. 1885 й. га келиб унинг корхонасида йилига 9 минг дал оқ ва қизил навли винолар ишлаб чиқарилди. Ҳоз. кунда бу з-д Ўзбекистондаги энг йирик вино корхоналаридан ҳисобланади (қ. Самарқанд вино комбината).

19-а. охирларида, шунингдек кўпданкўп майда, асосан хонаки усулда вино ишлаб чиқарадиган шаробсозлар (Н. И. Иванов, И. И. Мурашко, П. С. Ерин ва б.) ҳам фаолият кўрсатишган.

20-а. бўсағасида Тошкентга икки тарафдан т. й. олиб келиниши билан Россиядан кўплаб аҳоли кўчириб келтира бошланди. Натижада винога бўлган талаб ҳам кескин ортди. Т. й. туфайли Ўзбекистон виноларини четга чиқаришга ҳам имкон бўлди. 1912 — 13-й. ларда Туркистонда вино и. ч. 1 млн. дал га етди. 1-жаҳон уруши ва Окт. тўнтаришидан кейин ривожланаётган В.-а. с. та-наззулга юз тутди. Виночилик корхоналари бирин-кетин фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. 1919 й. да виночиликни тиклаш чоралари кўрилди. Виночилик корхоналари (50 дан ортиқ) давлат тасарруфига ўтказилди. 1922 й. да улар «Турквино» давлат бирлашмасига кирди. 1926 й. янв. га келиб «Турквино» тугатилиб «Ўзбеквино» давлат треста ташкил этилди. 1928 й. 30 янв. да бу трест «Ўзозиқовқатсаноат»га бирлаштирилиб, «Ўзқишхўжсаноат» давлат трести тузилди. 1926 й. дан В.-а. с. да анча жонланиш бўлди, токзорлар кенгайди. Мавжуд вино корхоналарида узумни қайта ишлаш яхшиланиб, и. ч. қуввати оша борди. Шу йили ва кейинги йилларда Бухоро, Денов, Шахрисабз, Янгийўл, Китоб ва 6. жойларда вино-арақ з-длари ишга туширилди.

30-й. да Ўзбекистонда виночилик, токчиликни оёққа турғазиш, янада ривожлантиришда кимёгар-проф. М. А. Ховренконинг хизмати катта. У Ўзбекистонда қаерда қандай навлар истиқболли эканлигини, қайси нав виноларини и. ч. мақсадга мувофиқлигини илмий-амалий жиҳатдан асослаб берди. «Ўзбеквино» трестининг бош виночиси сифатида М. А. Ховренко «Гулякандоз», «Ширин», ликёрли «Каберне», «Алеатико», «Ўзбекистон», «Фарҳод» навли виноларнинг технологик схемаларини ишлаб чикди. Бу винолар биринчи марта Самарқанд вино з-дида етиштирилди. М. А. Ховренко ташаббуси билан 1929 й. да Самарқандда токлик ва виночилик тажриба ст-яси ташкил этилди. Виночилик соҳасида мутахассислар тайёрлашни кучайтириш мақсадида 1929 й. да Ўрта Осиё ун-ти қошида токчилик ва виночилик кафедраси очилиб, М. А. Ховренко унга раҳбарлик қилди. Тармоққа етук мутахассислар тайёрлашда мазкур кафедранинг аҳамияти катта бўлди.

Оғир уруш йилларида Тошкент шампан виноси заводи ишга туширилди (1944). 1955—56 йлардан В.-а. с. тез суръатлар билан ривожлана бошлади. 1955 й. да Любляна ш. (Югославия)да бўлиб ўтган вино маҳсулотлари халқаро ярмаркасига 20-а. да илк бор Ўзбекистон виночилари 7 хил вино навлари («Фарҳод», «Буваки», «Ширин», «Гулякандоз», «Алеатико», «Юмалоқ», «Ўзбекистан») б-н иштирок этди. Уларнинг ҳаммаси кумуш медалга сазовор бўлди. Кўп ўтмай «Ўзбеквино» трести қошида ва ҳар бир корхонада маҳсулот сифатини назорат қилиб берадиган дегустация (чашначилик) комиссияларининг тузилганлиги тармоқда бу борадаги ишларни тартибга солиш ва изчил асосда йўлга қўйишда имконият берди. 1956 й. дан тармоқца агросаноат интеграцияси сари қадам ташланди. Асосий маҳсулот етиштирувчилар — йирик хўжаликлар ва вино з-длари бирлаштирилди. 1975 й. да тармоқ «Ўзмевасабзавотузумсаноат» бирлашмаси таркибига кирди. Урушдан кейинги йилларда Ўзбекистонда В.-а. с. ни ривожлантиришда ва сифатли навли винолар етиштиришда Н. С. Собиров, О. Алимов, О. А. Абдул-лаев, А. И. Махмудов, СВ. Воҳидов, М. Мирзаев, С. Х. Хайдаров, Р. Б. Саидаҳмедова ва б. нинг хизмати катта.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин В.-а. с. да туб ўзгаришлар бўдди. Ўзбекистон ҳукуматининг қарорлари асосида тармоқ давлат монополиясидан чиқарилиб «Ўзмевасабзавоту зумсаноатхолдинг» компанияси тузилди. Узумчиликка ихтисослашган ҳудудларда янги корхоналар ва иш жойлари ташкил этилди. Вино-арақ маҳсулотлари и. ч. б-н шуғулланадиган корхоналар сони 61 тага етди. Булардан 14 таси қўшма ва жамоа корхоналаридир (2001). Тармокнинг етакчи корхоналари: «Тошкентвино», Самарқанд вино к-ти, «Шоҳруд» фирмасининг Бухоро вино заводи, Тошкент шампан виноси заводи, «Осиё» фирмасининг Наманган вино заводи, «Мастона» акциядорлик жамиятининг Қўқон вино заводи, «Янгийўл» фирмасининг Янгийўл вино заводи, «Конвин» Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасининг Ғазалкент вино заводи, «Навигул» Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонаси (Андижон вилояти Хўжаобод тумани), «Фаровон» Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси (Тошкент вилояти Зангиота тумани), «Янис» Ўзбекистон-Испания қўшма корхонаси (Наманган вилоятининг Янгиқўргон тумани), «Паркент шампани» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси (Тошкент вилояти Паркент тумани) ва б.

ЎзРда В.-а. с. тармоғи учун зарур бўлган ректификатланган этил спирти ишлаб чиқарувчи янги қувватлар барпо этилди («Ўзкимёсаноат»га қарашли Янгийўл, Қўқон ва Андижон биокимё з-длари). Эндиликда, илгаридан ишлаб келаётган «Тошкентвино» ва Самарқанддаги «Зарафшон» з-дларидаги кувватлар ҳисобга олинса, йилига 5,0 млн. дал дан кўпроқ спирт и. ч. имконияти яратилди: бу маҳсулот тури бўйича ҳам мустақилликка эришилди, Украина, Россия ва б. давлатлардан спирт келтиришга барҳам берилди. Ўзбекистон спиртини экспорт қилиш имконияти яратилди. Виночилик тармоғидаги туб ўзгаришлардан яна бири маҳсулот турларини кўпайганлиги ва уларнинг сифати бирмунча яхшиланганлигидир. Собиқ Иттифоқ даврида янги турдаги виноарақ маҳсулотини яратиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш жуда ҳам мушкул бўлган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари чегаралаб қўйилган эди. Энди эса узумнинг тури ва унинг сифатига ҳамда вино ишлаб чиқарувчи з-днинг технологик имкониятларига қараб, Ўзбекистон иқлим шароитига мослашган технологик қоидалар яратилди ва шу асосда янги турдаги маҳсулотлар и. ч. йўлга қўйилди. Рақобат учун керакли омиллар яратидди. Вино-арақ ва б. алкоголли ичимликлар и. ч. учун зарур бўлган қўлланмалар, Ўзбекистон давлат стандарти ва б. норматив ҳужжатлар «Шаробсоз» ижодий маркази томонидан ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилади. Олиб борилган ижодий ишлар самараси ўлароқ, тармоқда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари 150 дан ошиб кетди. Уларнинг кўплари мустақиллик туфайли жаҳон кўрик ва ярмаркаларида муваффақиятли қатнашиб келмокда (50 дан ортиқ олтин, кумуш ва бронза медаллари совриндори бўлди). Ўзбекистон вино-арақ маҳсулотлари жаҳонга танила бошлади. Жумладан 1998 й. Ғазалкент вино з-дининг «Сижжак», «Оқтош», Самарқанд вино к-тининг «Ўзбекистон», «Гулякандоз» винолари Сан-Франциско (АҚД1) жаҳон ярамаркасида «сифатли маҳсулот» сертификатини олди. 2000 й. Хўжаобод шароб корхонасининг «Пино» табиий виноси Францияда бўлиб ўтган кўргазмада совриндор бўлиб, махсус диплом билан такдирланди.

Ўзбекистон винолари экспорти йилдан-йилга ортиб бормокда. Шу борада Ўзбекистоннинг десерт (ширин) ва ликёр винолари таҳсинга сазовордир. Булар жумласига «Ўзбекистон», «Алеатико», ликёрлик «Каберне», «Вассарға», «Юмалоқ», «Гулякандоз» ва «Портвейн» туридаги бир нечта хил винолари киради. Табиий винолардан эса «Наманган садафи», «Қора гўзал» («Тошкент-вино»), «Сижжак» (Ғазалкент вино з-ди), «Каберне» (Қўкрн вино з-ди), «Пино» (Хўжаобод з-ди), «Биҳишти» (Бухоро вино з-ди) ва шунга ўхшаш бошқа винолар, «Самарқанд бальзами», «Бухоро бальзами» юкрри сифат даражасига эга. Янгийўл ва Самарқанд виночилик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган «Ўзбекистон», «Шодлик», «Анҳор». «Самарқанд», «Афросиёб» ва б. коньяклар ўзининг юқори сифати билан ажралиб туради. Булар халқаро кўрикларда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган. Бундан ташқари мамлакатда арақнинг «Тошкент», «Ўзбекистон», «Осиё», «Зарафшон», «Турон», «Мастона», «Андижон», «Тошкент оқшоми», «Чимён» каби махсус навлари ишлаб чиқарилмокда. В.-а. сда ташкил этилаётган Кўшма корхоналар и. ч. ҳажмини янада кўпайтириш имконини беради. Ўзбекистонда 2000 й. да 7,116 млн. дал арақ маҳсулотлари, 5,65 млн. дал узум виноси, 13,67 млн. дал узум виноси хом ашёси, 3,802 млн. бутилка шампан виноси, 131 минг дал коньяк ишлаб чиқарилди.

Ад.: Самарқанд виноси, М., 1971; Бурьян Н. И., Микробиология виноделия, Ялта, 1997; Виноградные вино и коньяки [каталог; составитель творческий центр «Шаробсоз»], Т., 1999; Справочник по виноделию, Симферополь, 2000.

Омонулла Абдуллаев.

Loading...