ВИРУНГА

ВИРУНГА — Шарқий Африкадаги ҳоз. замон вулканизми области, Киву кўлидан шим. га томон йўналган тектоник ботикда жойлашган. 8 та йирик ва кўплаб (400 дан ортиқ) майда ҳаракатдаги ва сўнган вулканлар гуруҳи. Вирунга вулканик майдони базальт ва лейцитли лавалардан тузилган бўлиб, 1800 м ва ундан ортиқ баландликда. Энг баланд жойи — Карисимби сўнган вулкани (4507 м); Ғарбдаги Ньирагонго (3470 м) ва Ньямлагира (3056 м) вулканлари фаол ҳаракатда. 2300—2500 м баландликкача доим яшил сернам экваториал ўрмонлар, бутазорлардан иборат; ундан юқориси лавали майдонлар. Вирунга миллий парки: фауна резервати бор. Фаунаси таркибида — тоғ гориллалари, шимпанзе, фил, қоплонлар, бегемот, шунингдек бошқа туёқли ҳайвонлар учрайди. Тоғ гориллалари қўриқхонаси бор.

Loading...