ВИРУСОЛОГИЯ (вируслар ва…логия) — вируслар ҳақидаги фан, биол. нинг бир тармоги. Вирусология тарихи 1892 й. да рус олими Д. И. Ивановскийнинг тамакида мозаика касаллигини вужудга келтирадиган микробларни аниқлашидан бошланади. 1893 й. да немис бактериологлари Ф. Леффлер ва П. Фрош қорамолларда оқсил (яшчур) касаллигини, 1901 й. да америкалик Рид ва б. сариқ иситмани пайдо қиладиган микробларни оддий бактериологик фильтрдан ўтиб кетишини аниқлашди. «Вирус» тушунчаси биринчи марта голланд М. Бейеринк (1898) ва немис генетиги Э. Баур (1904) ишларида учрайди. 1911 й. да америкалик Ф. Т. Роус товукларда хавфли ўсма пайдо қилувчи вирусни топади. Бактерия вируслари (бактериофаглар)нинг топилиши, вакцина вирусини тўқималар культурасида ундириш, вирус зарраларини кумуш билан бўяш методларининг ишлаб чиқилиши, тамаки мозаикаси вирусини кристалл ҳолида ажратиб олиб, унинг оқсил табиатини, вирус таркибига нуклеин кислота киришининг аникланиши Вирусологиянинг ривожланишида катта роль ўйнади. 20-а ўрталарида вирусларнинг тузилиши электрон микроскоп ёрдамида ва рентгенструктура анализи методи б-н текширила бошланди. Вирусология текшириш объектига кўра қ. х., ветеринария ва тиббиёт В. сига бўлинади. Вирусологиянинг ривожланиши молекуляр генетика билан узвий боғлиқ. 1952 й. вирус ДНКси,1956 й. вирус РНКси, 1955 й. вирус зарраларининг РНК ва оқсилдан ўз-ўзидан тўпланиши ҳодисаси аниқланди,1957 й. вируслар интерференцияси, ДНК-синтези кашф этилди.
Замонавий Вирусология умумий ва махсус Вирусологияга бўлинади. Умумий Вирусология вирусларнинг тузилиши принциплари, кўпайиши, хўжайинҳужайра ўртасидаги муносабатларнинг келиб чиқиши, вирусларнинг табиатда тарқалишини ўрганади. Молекуляр Вирусология вируслар нуклеин кислоталари тузилиши ва функциясини, вирус генларининг экспрессияси механизмларини, организмнинг вируслар қўзғатадиган касалликларга чидамлиги табиати ва вирусларнинг молекуляр эволюциясини ўрганади. Махсус Вирусология одам, ҳайвон ва ўсимлик вируслари гуруҳларини тадқиқ қилади.
Ўзбекистонда Вирусология соҳасидаги тадқиқотлар 20-а. ўрталарида бошланган. Д. X. Ваҳобов, А. Ю. Абдукаримова, Н. К. Турсуметова, М. 3. Исамуҳамедов, В. Мирзаҳмедов ва б. нинг ишлари ғалла, ғўза, сабзавот ва б. экинлар вирусларини ажратиб олиш, вирус касалликларини аниқлаш ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқишга бағишланган. Сўнгги йилларда вирусларни интерферон ҳосил қилиш фаоллигини ошириш (А. Сайитқулов), гепатит вируси штаммлари ва оқсилларининг структура ҳамда функцияларини ўрганиш ва вирусли касалликларнинг замонавий ташҳисини ишлаб чиқиш (А. М. Иванова) борасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Ўсимлик вирусларини ўрганиш соҳасидаги и. т. ишлари Ўзбекистан ФА Микробиология институтипя, ЎзМУнинг биол., тупроқшунослик ф-тида, тиббиёт Вирусологияси соҳасидаги ишлар Вирусология институти ва тиббиёт олий ўқув юртлари кафедраларида олиб борилади.