ВИТАЛ БЎЯШ

ВИТАЛ БЎЯШ (лот. vita – ҳаёт) – организм тириклигида унга зарарсиз бўёқлар (мас., нейтрал қизил бўёқ, литийли кармин, трипан кўки) киритиб, ҳужайра ва тўқималарига ранг бериш. Витал бўяш ҳужайра ва тўқималар ҳолатини текшириш усулларидан бири. Витал бўяш ҳужайраларда юз берадиган биокимёвий ва физиологик жараёнларни ўрганишга ёрдам беради. Организмга юборилган бўёқ тирик хужайраларнинг баъзи киритмаларига, мас., вакуолалар ва заҳира моддаларга ранг беради. Ҳужайра нормал ҳолатда бўлса, бўёқ доначалар шаклида тўпланади, ядро билан цитоплазма эса рангеизлигича қолади. Агар ҳужайра зарарланган бўлса, бўёқ доначалар ҳосил қилмасдан ядро ва протоплазмага ёйилиб кетади.