ВИТЕБСК ВИЛОЯТИ

ВИТЕБСК ВИЛОЯТИ — Белоруссиянинг шим.-шарқидаги вилоят. 1938 и. 15 янв. да тузилган. Витебск вилоятида 19 шаҳар ва 26 шаҳарча бор. Майд. 40,1 минг км2. Аҳолиси 1434,7 минг киши (1999), асосан белоруслар, шунингдек рус, украин, поляк, яҳудий ва б. ҳам яшайди Маркази — Витебск ш.

Ер юзаси асосан текислик, қатор тепалар ва улар орасида ботқоклашган пастликлар кўп. Витебск вилоятининг шим. да Полоцк пасттекислиги, Улла дарёси бўйлаб Чашники, шим.-шарқда Сураж пастликлари, жан. да ва шарқда Орша (262 м), Витебск (296 м) қирлари бор. Фойдали қазилмалари: торф, гил, ойна қумлари, доломит, оҳактош, шифобахш балчиқ ва минерал булоклар. Иқлими мўътадил континентал. Янв.-нинг ўртача т-раси —7,5°. Йилига 550 — 600 мм ёғин тушади. Вегетация даври 177—185 кун. Йирик дарёлари: Ғарбий Двина ва Днепр ҳамда уларнинг ирмоқлари. Тупроғи, асосан, чимли подзол тупроқ. Ҳудудининг 1/3 қисми ўрмон. Майд. нинг 12% ўтлоқ, 8% бот-қоклик.

Тўқимачилик-трикотаж, машинасозлик, кимё, ёқилғи ва озиқ-овқат саноати устун туради. Станоксозлик, асбобсозлик, электр ва радиотехника, нефтни қайта ишлаш каби кўпгина янги саноат тармоклари барпо этилган. Машинасозликнинг муҳим марказлари: Витебск (станоксозлик, дарё кемасозлиги) ва Орша (станоксозлик, енгил машинасозлик, локомотив ва вагон тузатиш з-длари). Кимё саноати ҳам ривожланган. Полоцкда нефтни қайта ишлаш з-ди бор. Бу корхона асосида кимё мажмуаси барпо этилган. Оболда биокимё ф-каси қурилган.

Витебск вилояти Белоруссиянинг муҳим енгил саноат р-нидир. Вилоятда Белоруссия зиғиртола з-дларининг 1/3 қисми жойлашган. Гилам тўқиш корхоналари ҳам барпо этилган (Витебск). Тикувчилик, чарм пойабзал, шиша тола корхоналари бор. Қурилиш материаллари и. ч. тараққий этган. Уйсозлик, оҳак материаллари к-тлари, силикат ғишт, ёғочсозлик ва мебель и. ч., қоғоз, гўшт, сут, консерва, ун тортиш, макарон, спирт-арақ корхоналари мавжуд. Витебск вилоятида сут-гўшт чорвачилиги етакчи ўринда. Зиғир ва картошка етиштирилади. Шунингдек ғалла, емхашак, сабзавот-полиз экинлари экилади. Қорамол, чўчқа, қўй, парранда боқилади. Даре ва кўллардан балиқ овланади. Т. й. ва автомобиль йўллари асосий транспорт тури. Витебск вилояти ҳудудини Санкт-Петербург — Киев, Москва — Брест, Невель — Полоцк — Молодечно т. й. магистраллари кесиб ўтган. Ғарбий Двина ва Днепр дарёларида кема қатнайди. Витебск вилоятида 5 олий ўқув юрти, драма театри, 11 музей бор.

Prev Article

ВИТЕБСК