ВИТРАЖ (франц. vitrage, лот. vitrum — шиша) — рангли ойна (шиша) парчаларидан териб ёки ёруғлик ўтказадиган бошқа материаллардан фойдаланиб, дераза, эшикларга ҳар хил рангларда нақш, тасвир ишлаш санъати; шунингдек дераза, тўсиқлар ўрнидаги (тўлиқ ёки қисман ишланган) шиша намоён. Дераза ўрнидаги рангли Витраж нурлар жилвасини ҳосил қилади, интерьернинг ифода таъсирини орттиради. Дастлабки содда Витраж намуналари Қад. Миср (мил. ав. 2 мингинчи йил) ва Рим (мил. 1-а.) да топилган. Роман услубида қурилган ибодатхоналарда (Франциядаги Шартр собори, Германиядаги Аугсбург собори, 12-а. бошлари), готика соборларида Витраж кенг қўлланилган, бўялган шишалардан ўтаётган нур бино ичини жозибадор кўрсатган. Кейинчалик рангсиз ёки рангли шишаларга силикат бўёқларда рангтасвир асарлари ишлаш техникаси қўлланилган. 20-а. га келиб Витраж ишлаш маҳорати ошди, Витраж учун шишалар махсус усулда ишлана бошланди. Кейинги йилларда шиша ёки пластмасса, цемент ва темир-бетон билан мустаҳкамланадиган усули кенг тарқалиб, Витражнинг имконият доираси кенгайди. Ўзбекистонда Витраж 20-а. 60-й. ларидан ривожланди, қатор маҳобатли асарлар яратилди. «Зарафшон» ресторани, «Ўзбекистан» меҳмонхонаси, Темурийлар давлати тарихи музейи Витраж лари шулар жумласидан.