ВИЗАНТИЯ

ВИЗАНТИЯ (Византия империяси) — Рим империяси парчалангач, унинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган шарқий қисмида вужудга келган давлат (4—15-а. лар). Энг равнақ топган даврида унинг таркибига Болқон я. о. нинг катта қисми, Кичик Осиё, Сурия, Фаластин, Миср, Киренаика, Месопотамиянинг бир қисми, Ғарбий Арманистон ва Грузия, Херсонес, Кипр ва Крит о. лари кирган. Пойтахти — Константинополь ш. бўлган. Мамлакатнинг номи Босфор соҳилидаги юнон полней — Византийизм олинган. Ахрлиси — юнонлар, сурёнийлар, қибтийлар, арманлар, грузинлар ва б. Давлат тили 4—6-а. ларда лотин тили, кейинчалик юнон тили бўлган. Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг ривожланиш даражаси, шаҳар турмушининг жўшқинлиги жиҳатидан ўша даврда В. Ғарбий Европа мамлакатларидан анча илгарилаб кеттан эди. Арабистон, Қора денгиз бўйи, Эрон, Ҳиндистон, Хитой б-н савдо-сотиқ бир оз кўпайди. Византия географик жиҳатдан қулай жойлашганлиги туфайли Шарқ билан Ғарб ўртасида маданий-иктисодий алоқаларнинг кучайишига сабаб бўлди, сиёсий ва ҳарбий марказга айланди. Император Юстиниан I ҳукмронлиги даври (527—565)да маъмурий ва ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилди, марказий давлат мустаҳкамланди, кучли армия вужудга келтирилди. Бу эса Юстинианга 533—534 й. ларда Шим. Африкадаги вандаллар давлатини, 555 й. да Италиядаги остготлар қироллигини, Жан.-Шарқий Испанияни босиб олиш имконини берди. 6-а. нинг сўнгги ўн йиллиги ва 7-а. бошларида ички таназзул ва ташқи сиёсатда муваффақиятсизликлар рўй берди. Армияда ғалаён бошланди, кенг халқ оммаси унга қўшилди. 6-а. охири —7-а. бошларида Византия ҳудудининг анчагина қисмини славянлар ишғол этди. 7-а. нинг 70-й. ларида Византиянинг шим.ғарбий чегарасида қад. булғорлар давлати — Болгария барпо бўлди. 636—642 й. ларда араблар В. дан Сурия, Фаластин, Юкрри Месопотамия ва Мисрни, 693 — 698 й. ларда Шим. Африкадаги ерларни тортиб олди. Италиядаги лангобардлар В. ҳудудининг анчагина қисмини босиб олди. 8—9-а. ларда Византия ҳудудига славянлар кўчиб келиши муносабати билан улардаги ҳукмрон жамоа муносабатлари таъсирида эркин қишлоқ жамоалари мустаҳкамланди. Бироқ 10-а. да йирик ер эгалиги кучайиб, Византия шаҳарлари 7—9-а. лардаги таназзулдан сўнг яна қад ростлади, савдо-ҳунармандчилик уюшмалари вужудга келди, давлат уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлади. 10-а. ўрталарида Византия араблардан Юқори Месопотамияни, Кичик Осиё ва Суриянинг бир қисмини, Крит ва Кипр о. ларини қайтариб олди. Арманистон ва Грузияда Византиянинг таъсири кучайди. В. Ғарбий Болгар подшолигини босиб олди (1018). 13а. бошларидан ички тарқоқпик авж олди, марказий ҳокимият инқирозга юз тутди, чет эллик истилочиларнинг хуружи кучайди. Салиб юриши қатнашчилари Византия ҳудудининг бир қисмини босиб олиб, Лотин империясита асос солдилар. Шу билан бирга Византия ерларида мустақил юнон давлатлари: Никей, Трапезунд империялари, Эпир давлати пайдо бўлди. 1261 й. да Никей императори Михаил VIII Палеолог Византия империясини қайта тиклади. Палеологлар сулоласи (1261—1453) қарор топди. Бироқ Византия ўзининг қад. қудратини тиклай олмади. 1453 й. да Константинополь усмонли турклар тасарруфига ўтган. 15-а. нинг 60-й. лари бошида Византия империяси барҳам топди, унинг ҳудуди Усмонли турк империяси таркибига кирди. В. Рим, юнон ва эллинизм анъаналари таъсирида вужудга келган ўзига хос маданият маркази бўлган эди. Маорифи. Византияда антик давр таълими анъаналари сақланиб қолди ва 12-а. гача маориф Европанинг бошқа жойларига қараганда юқори савияда эди. Бошланғич таълим (ўқиш ва ёзишни ўргатиш) хусусий мактабларда 2—3 йил давомида амалга оширилган. 7-а. гача ўқув дастури мажусий динлар афсоналарига, кейинроқ Библия китобларига асосланган. Ўрта маълумот грамматика ўқитувчиси раҳбарлигида олинган. Дастурга орфография (имло кридалари), грамматика нормалари, талаффуз, шеър ёзиш қоидалари, нотиқлик санъати, шунингдек ҳужжатлар тузиш услубияти киритилган. Фалсафа ҳам ўқув дарслари жумласига кирган. Айрим мактаблар дастурида тарих дарси ҳам бўлган. Византияда монастир мактаблари ҳам бор эди. 4—6-а. ларда қад. даврдан қолган олий мактаблар (Африка, Искандария, Байрут, Антиохия, Ғазо, Фаластин Кесариясида) ўз фаолиятини давом эттирди. 425 й. Константинополда барпо этилган олий мактаб (аудиторий) бошқа олий мактабларни сиқиб чиқарди. Константинополь аудиторийси давлат муассасаси, унинг проф. лари давлат хизматчилари ҳисобланар, пойтахтда дарс бериш фақат уларга рухсат этилган. 9-а. ўрталарига келиб, Магнавр олий мактаби ишлай бошлади. Бу мактаб олий дунёвий амалдор ва дин пешволарини тайёрлар эди. 11-а. ўрталарида Константинополда юридик ва фалсафий мактаблар давлат муассасаси сифатида очилди. 12-а. да олий мактабда тиббиёт фани ҳам ўқитила бошлади. 1204 й. дан кейин Византияда олий мактаб тугатилди. Монастирлар ҳузуридаги мактаблар давлат мактабларини тобора сиқиб чиқараверди. Бундай мактаблар, одатда, муаллимнинг вафотидан кейин ёки у қувғинга учрагач, ёпилиб қоларди. Византиянинг кад. Кутубхоналари илк даврдан нари ўтмади. Искандария кутубхонаси 391 й. да вайрон этилди. Константинополь кутубхонаси (356 й. да асос солинган) 475 й. ги ёнгинда куйиб кетди. Кейинги давр кутубхоналари ҳақидаги маълумотлар кам бўлса ҳам, император, патриарх, монастирлар кутубхоналари, олий мактабларнинг ва хусусий шахсларнинг кутубхоналари бўлганлиги маълум. Техникаси. Византияга антик давр қ. х. техникаси (ҳўкизга қўшиладиган омоч ва пичан йиққич, сунъий суғориш тизими) ҳамда ҳунармандчилиги мерос бўлиб қолган. Бу ҳол В. нинг деҳқончилик, заргарлик, шойи тўқиш, ҳашаматли иншоотлар қуриш, кемасозлик (9-а. дан бошлаб қиялама елкандан фойдаланилган) ва б. соҳаларда 12-а. гача Европада илғор давлат бўлиб қолишига имкон берди; 9-а. дан бошлаб сиркор керамика, шиша тайёрлаш (қад. усуллар бўйича) расм бўлди. Бироқ, византияликларнинг ота мерос анъаналарини сақлаб қолишга интилиши техника тараққиётига озми-кўпми тўсқинлик қилди. 12-а. дан бошлаб Византия ҳунармандчилигининг Ғарбий Европа ҳунармандчилиги (шишасозлик, кемасозлик ва ҳ. к.)дан орқада қолишига сабаб бўлди. 14—15-а. ларга келиб эса, Византия тўқимачилиги итальян тўқимачилиги билан рақобат қила олмай қолди. Математика ва табиий файла р . В. да мат. нинг жамоатчилик ўртасидаги нуфузи ўрта асрларнинг асосий фанлари ҳисобланган фалсафа ва нотиқлик санъатига нисбатан жуда паст бўлган. 4—6-а. лардаги Византия математиклари асосан қад. алломаларнинг асарларини шарҳлаш билан машғул бўлишган: Феон (4-а.) Евклид ва Птолемей асарларини чоп қилдирган ва шарҳлаган, Иоанн Филопон (6-а.) Аристотелнинг табиатшуносликка доир илмий асарларини шарҳлаган, Евтокий Аскалон (6-а.) эса Архимеднинг шундай ишларини шарҳлаш билан шуғулланган. Баъзи масалаларда Византия фани антик давр фанига нисбатан бир оз илгари силжиди: Иоанн Филопон жисмларнинг тушиш тезлиги уларнинг оғирлигига боғлиқ эмас, деган хулосага келди; Аё София ибодатхонасини қуриб машҳур бўлган меъмор ва муҳандис траллик Анфилий ўт олдирувчи кўзгулар ишига доир янги талқинини таклиф қилди. 9-а. га келиб табиий фанлар борасида бир оз юксалиш кузатилди. Ихтирочи Лев Математик биринчи марта ҳарфлардан алгебраик тимсоллар сифатида фойдаланди. Маълумотларга кўра, 12-а. да араб рақамларини жорий қилишга уриниш бўлган бўлса керак. Сўнгги Византия математиклари шарқ фанига жуда қизиқишган. Трапезунд олимлари (Григорий Хиониад, 13-а.. унинг издошлари Григорий Хрисококк ва Исаак Аргир,14-а.) араб ва форс мат. си ва астрономиясини ўрганишган. Шарқ фани меросининг ўрганилиши Феодор Мелитиннотанинг «Уч китобдаги астрономия» (1361) мажмуа асарининг яратилишига ёрдам берди. Космология соҳасида византияликлар анъанавий тасаввурларга риоя қилишган. Улардан баъзилари Библияда келтирилган дунёқарашларга ишонган бўлса, бошқалари Ернинг шарсимонлиги ҳақидаги таълимот Библияга зид эмас, деб ҳисоблаганлар. Илми нужум инсон тақдирини осмон ёритқичларининг ҳаракати билан боғлангани учун православ илоҳиётчилари томонидан қаттиқ танқид қилинди ва таъқибга дучор бўлди. 14-а. да Никифор Григора тақвим (календарь) ни ислоҳ қилишни таклиф этди, қуёш тутилишини олдиндан айтиб берди. Бу таклиф ва башоратлар астрономия кузатувлари билан бевосита боғлиқ бўлган.

Византияда географиянинг бошланишига (фемвилоят)лар, шаҳарлар, епископ бошлиқ маъмурий бирликларнинг расмий тавсифлари асос бўлди. Тахм. 535 й. да Иерокл 64 фем ва 912 шаҳарнинг тавсифини ўз ичига олган «Синекдем» тўпламини тузди. Бу тўплам кейинги даврларда ёзилган географик асарлар учун замин бўлди. 10-а. да Константин Багряиородний Византия фемлари тавсифини ўз даври анъаналари асосида тузиб чиқди. Шу боис унинг асаридаги кўп маълумотлар ўша даврдаги мавжуд маълумотларга гшд. Савдогарлар, зиёратчиларнинг саёҳат тавсифлари ҳам ўша географик адабиётлар тоифасига мансуб. 4-а. да ёзилган муаллифи номаълум саёҳатномада Ўрта денгиз батафсил баён қилинган, портлар орасидаги масофалар кўрсатилган, муайян жойда ишлаб чиқарилган товарлар ҳақида гапирилган ва ҳ. к. Қуйидагиларнинг саёҳат тавсифлари сақланган: савдогар Косма Индикопловнинг (6-а.) «Христиан топографияси» асари (бунда умумкосмологик тасаввурлардан ташқари бевосита кузатув таассуротлари, Арабистон, Африка ва б. жойлардаги турли мамлакатлар ва халқлар ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд), Иоанн Фокнинг (12-а.) Фаластинга, Андрей Ливадиннинг (14-а.) Фаластин ва Мисрга, Канан Ласкариснинг (14-а. охири ёки 15-а. боши) Германия, Скандинавия ва Исландияга саёҳатлари тавсифлари. Византияликлар географик хариталар тузишни ҳам билганлар.

Тиббиёти. Византияда ривожланган тиббиёт мавжуд бўлган. 4-а. да пергамлик шифокор Орибасий тиббий энциклопедия яратган, шифокор Никшба жаррохлик бўйича дарслик ёзган. Константинополда махсус жарроҳлик ва аёллар касалликлари бўлимлари бўлган касалхоналар ташкил этилган, уларнинг ҳузурида тиббиёт билим юртлари очилган. Симеон Сиф овқатнинг хоссалари ҳақида китоб ёзган (11-а.). Николай Мирепс фармакопеяга оид қўлланма тузган (13-а.). Иоанн Актуарий тиббиётга доир асарларида ўзининг амалий мушоҳадаларини баён этган. Фалсафаси империя қарор топиши ва христианлик тарқалиши туфайли (6—7а. лардан) пайдо бўла бошлади. Унинг тараққиётида расмий черков ақидалари 6-н дунёвий фан, фалсафий фикр вакилларининг қарашлари ўртасидаги курашнинг таъсири бор. Юнон черковининг пешволари Прокопий (465—525), византиялик Леонтий (475—543), Иоанн Дамаскин бу фалсафанинг ўтмишдошлари бўлганлар. Византия фалсафаси асосан ПлатонАристотель ғоялари ҳамда асарларини тушунтириш ва тарқатишдан иборат эди; у «Кутубхона» тўплами (857 й. гача) нинг муаллифи Фотий (820—891)дан бошланиб, Михаил Пселл (1018—78) ва Никифор Влеммид (1272 й. в. э.) ижодида ўзининг юксак чўққисига чиқди. Кейин Италияда Уйғониш даврида қайта ривожланди. Бунда В. Виссарион (1403— 72), трапезундлик Георгий (1396—1484) ва б. нинг хизмати каттадир. Византия фалсафасидаги иррационал оқим Симеон (1025— 92) мистикаси ва Николай Кавасила (14а.) ғояларида намоён бўлди. Византия фалсафаси ўрта аср схоластикаси, Италия Уйғониш даври ва славян мамлакатлари, Грузия, Арманистондаги фалсафий фикрнинг ривожланишига катта таъсир ўтказди. Византияда тарих фани бир мунча ривожланган. Кесарийлик Евсевий қад. замонлардан мил. 324 й. гача бўлган дунё тарихини, жумладан, Шим. Қора денгиз бўйининг тарихини баён этишга ҳаракат қилиб кўрди. Кесарийлик Прокопий ва Агафий император Юстиниан давридаги Византия тарихини ёритдилар. 6 — 10-а. ларда жаҳон тарихи воқеанавислиги Иоанн Малала, Феофан Исповедник, Феофилакт Симокатта, Георгий Амартол каби тарихчиларнинг асосий тарихий жанрлари бўлди. 11—12-а. ўрталарида византиялик тарихчилар (Лев Диакон, Никита Хониат ва б.) ўзлари шоҳид бўлган воқеаларни қаламга олишга интилдилар. 13-а. дан Византия тарих фани инқирозга юз тутди. Ҳуқуқшунослиги. Византия маданиятига хос анъанавийлик ва изчиллик Византия ҳуқуқшунослигида айниқса яққол кўзга ташланади. Рим ҳуқуқини мунтазам тартибга солиш, фуқаролик ҳуқуқи мажмуаларини тузиш билан Византия ҳуқуқшунослигига асос солинди. Улардан энг муҳими Corpus juris civilis («Каноник ҳуқуқ мажмуаси»)дир (6-а.) – В. ҳуқуқшунослиги айни шу мажмуага таянди, ҳуқуқшунослар вазифаси асосан шу мажмуани талқин қилиш ва қайта баён этишдан иборат бўлиб қолди. 6—7а. ларда Corpus juris civilis қисман лотин тилидан юнон тилига таржима қилинди. Мазкур таржималар Василики қурама тўпламининг асосини ташкил этади, ундан кўпинча ҳошиялардаги изоҳлари б-н бирга қайта-қайта нусха кўчирилди. Василикиларга илова тарзида хилмахил маълумотнома — қўлланмалар, шу жумладан «синопсислар» тузилган, уларда мақолалар ҳуқуққа оид айрим масалалар бўйича алифбо тартибида жойлаштирилган. Византия ҳуқуқшунослигида Рим ҳуқуқидан ташқари черков соборларининг қарор (қоида)ларига асосланган черков фатволари ҳуқуқи ҳам ўрганилган. Константинополда олий ҳуқуқ мактаби ташкил этилгач, 11 – а. да суд қарорлари тўплами — «Пир» («Тажриба»)да Константинополь судининг тажрибаси умумлаштирилди. 12-а. да Византия ҳуқуқшунослари (Зонара, Аристин, Валсамон) черков соборлари қоидалари талқин этилган бир неча китоб чиқариб, унда черков фатволари ҳуқуқи билан Рим ҳуқуқини мувофиқлаштиришга уринишди. Византияда нотариат ҳам ташкил қилинган, 13—14-а. ларда айрим фемларнинг маҳкамалари ҳужжатлар учун маҳаллий хизмат дафтарчалари тузиб чиққан.

Адабиёти. В. Адабиёти ўзига хослиги, янги шакл ва жанрларнинг бойлиги билан ажралиб туради. Унинг тарихи 3 асосий даврга бўлинади. Биринчи даврда (4—6-а. лар) у антик адабиёт анъаналарини давом эттирди, айни вақтда унга христиан дини мафкураси таъсир ўтказди (шоирлар Нонна, 4—5-а. лар, Агафий, Павел Силенциарий, 6-а.). Авлиё-анбиёлар қиссаси (агиография) ни яратиш авж олди. Иккинчи даврда (7—9-а. лар) черков таъсирида диний адабиёт устунлик қила бошлади (критли Андрей, Иоанн Дамаскин, Феодор Студит). Шоирлардан Кассия, Иоанн Грамматик, Игнатий, патриарх Фотий дунёвий асарлар ёзишди. Халқ ижодиёти ривожланди. Охирги, учинчи даврда (10—15-а. лар) диний, дунёвий, бадиий ва илмий адабиётнинг турли жанрлари ривожланди. Император Константин VII Багрянородний, Свида, Симеон Метафрасий ва б. шу даврнинг энг таниқли ёзувчиларидир. Михаил Аселл, митиленлик Христофор (11-а.), Мануил Олобол, Мануил Фил (13 — 14-а. лар) сарой адабиёти вакилларидир. Бу даврда ҳажвия кенг оммалашган (12-а.).

Меъморлиги. Византия меъморлигининг ривожланган даври 6-а. га тўғри келади. Бу даврда Константинополь жаҳондаги йирик шаҳарлардан бири ҳисобланган. Шаҳар атрофи мустаҳкам қалъа деворлари билан ўралиб, хандақлар қазилган (5-а. нинг 1-ярми). Шаҳар маркази (Агустион майдонида Қад. Рим меъморлиги таъсирида зафар токи (арк) лари, форумлар, черков бинолари, император саройи, отчопар, акведуклар қурилган. Византия меъморлик мактабида «плинфа» (ясси кенг ғишт) кўп қўлланилган. Ибодатхона қурилишида базилика услубидан фойдаланилган. Кейинчалик бу услуб қўшни мамлакатлар меъморлигига таъсир қилган. Ибодат-хоналар ташқи кўриниши қўпол ва оғир бўлиб, ички кўриниши эса, аксинча, ўта ҳашамдор бўлган (Салоникидаги Авлиё Дмитрий базиликаси, 5-а; Авлиё Георгий ротондаси, 4-а. охирида қайта қурилган). Константинополдаги Аё София ибодатхонаси (532 — 537) юксак маҳорат билан қурилган маҳобатли иншоот бўлиб, гумбазининг диаметри 31,4 м, бал. 55 м дир. Турар жой бинолари асосан кўп қаватли, бош тарзи равоқли қилиб қурилган, пастки қаватида савдо расталари ва устахоналар жойлашган.

7—9-а. ларда Византия ибодатхона қурилишида ўрта аср итальян меъморлиги услубига хос бўлган ренессанс анъаналари асосида иншоотларнинг хочсимон гумбазли мумтоз тури қўлланилган (Никеядаги Успения черкови, 7-а. ; Салоникидаги Аё София черкови, 8-а.). 9 — 13-а. ларда бинолар пойгумбазидаги қалқонсимон бағаллар тош бўлаклари ва ғиштдан мавжли безакдор қилиб терилиб, равоқсимон поғонали шаклда кошин қопланиб, рангли суратлар ишланган [Мирелейон ибодатхонаси (туркча Будрум жоме, 930 й.), Феодор черкови (туркча Килисе жоме, 11-а. нинг 2-ярми), Пантократор ибодатхона мажмуаси (Зейрек жоме, 12-а.) ва 6. J. 14—15-а. лар меъморий безакларида Болқон славян меъморлиги таъсири кўзга ташланади [Салоникидаги беш гумбазли Апостол черкови (туркча Соуксу жоме, 12—15-а. лар); пастқам П-симон шаклдаги галереяли марказий катта гумбазли хона ва атрофидаги 4 бурчакда жойлашган кичик гумбазли хоналардан иборат бўлган]. Пастки қавати базилика шаклида, юқори қавати эса хочсимон гумбазли кўринишдаги биноларнинг (Константинополдаги Текфур саройи, 14-а; Мистра ҳукмдорлари саройи 13—15-а. лар) интерьерлари безакларида Мистра ш. манзаралари ва монастир мажмуалари (Афон ва б.) кўриниши акс эттирилган.

Тасвирий санъати. Қад. даврдан ўрта асрларга ўтиш бадиий маданиятда чуқур инқирозларни юзага келтирди; тасвирий санъатнинг айрим турлари вужудга келди, мавжудлари йўқолиб кетди. Черков ва давлат эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган санъат турлари (ибодатхона тасвирлари, икона ва китоб миниатюраси) муҳим аҳамият касб этди. Қад. ижодий услуб ўрнига ўрта асрларга хос хусусиятлар (жумладан, шартлилик) шаклланди; ҳайкалтарошлик инқирозга учради, қад. нафис шакллар емирилди, маълум даврдан кейин Византия санъатида ҳайкалтарошлик бутунлай йўқолиб, фақат бўртма тасвирларда сақланиб қолди. Бадиий ҳунармандлик буюмлари (тош, суяк, металл), 4—5-а. лар черков кошинлари (Авлиё Георгий черкови, 4-а. охири)дагина қад. оҳанглар муҳим бўлиб, борлиқ гўзаллигини аввалгидек ҳис этиш сезилиб туради. Қад. усуллар Византия санъатида китоб миниатюраларида такрорланди («Иисус Навин ўрамли ёзувлари»); ранг тасвирнинг барча турлари диний мавзудаги тасвирларни ишлашга бўйсундирилди, меъморий манзаралар ўрнини мавҳум ҳашамдор тилла замин эгаллади, тасвирлар текис юзали қилиб ишланди.

9 — 10-а. ларда ибодатхона деворий расмлари доимий бир тизимга келтирилди; девор ва гумбазлар қатъий тартибдаги кошинкори безаклар ва фрескалар билан қопланди, ички безакларда ягона мазмунга бўйсундирилган меъморий бадиий муҳит (бунга иконалар ҳам киради) яратилди: Аё София ибодатхонаси (6—12-а. лар), Афина яқинидаги Дафна монастири (11-а.) мозаикалари, «Владимир Момо Ҳавоси» иконаси ва б.

Китоб миниатюраси тараққий этди, бу даврда заргарлик безагидан унумли фойдаланилди, расмларда аниқ ҳаётий лавҳалар, тарихий шахслар портретлари ўз аксини топди. Ҳайкалтарошлик Галла Плацидия мақбарасининг ички безаги нақшли икона ва ўймакори безаклар (капител, меҳроб тўсиклари ва ш. к.)да кўзга ташланади. Амалий безак санъати (бадиий мато, ранг-баранг эмал тўсиқлар, фил суяги ва металлдан ишланган буюмлар) юксак даражада ривожланди. Византиянинг бу даврдаги тасвирий санъати анъаналари юнон ўрта асрлар санъатидан ўзлаштирилган ҳамда Марказий, Шарқий ва Жан. Европа мамлакатларида бир қанча миллий бадиий мактабларнинг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган.

Театри. Византия дунёвий театри антик театрнинг вориси бўлган. 4-а. да Константинополда 4 та театр бор эди, мим ва пантомима (сўзсиз, имо-ишорали) ҳангомалар ҳамда долзарб мавзудаги томошалар кўрсатиларди. Черков томоша кўрсатишни христиан динига душман, маъжусийлик унсури деб ҳисоблаб, Византия даги антик театр анъаналарини йўқотиб, актёрларни христиан жамоаларидан чиқариб юборди. Театр иншоотлари бузиб ташланди, драма асарларининг қўлёзмалари йўқ қилинди. Черков мимларга айниқса шафқатсизлик қилди, аммо уларнинг анъаналари халқ оммаси орасида давом этаверди. Византия черкови диний тарғибот мақсадида Библия ва ибодат расм-русумлари руҳидаги драмаларни авж олдирди.

Мусиқаси. Византия дунёвий профессионал мусиқасида сарой байрам — ибодатларида табрик сўзлари кўпчилик томонидан қироат билан айтилиши (аккламация), шеърий парчалар чолғулар жўрнавозлигида жимжимадор оҳангларда куйланиши (эвфемия) ҳамда тантанали тадбирларда куповозли мадҳия (полихромия)ларни ижро этиш кенг тарқалган. Созлардан гидравлос (сув органи), труба, цимбала, кейинчалик пневматик орган кабилар машҳур бўлган. Диний мусиқада Библия матнларини бир овозда, жўрсиз, ўзига хос оҳанг билан ўқиш (псалмодия), 4-а. дан бошлаб халқ оҳангларига яқин бўлган бадиҳа (тропарь)лар, куйи ривожланган фалсафий лирик қўшиқ (гимн)лар асосий ўрин эгаллаган. 5—6-а. ларда яшаган шоир ва мусиқачи Роман Хушхон шаклан ривожланган асар (кондаклар)лар яратган. Иоанн Дамаскин (7 — 8-а. лар) диний мадҳияларнинг энг атоқли муаллифидир. 9-а. гача Европада пешқадамлик қилган Византия мусиқаси кейинчалик инқирозга учраган. Сўнгги давр санъаткорларидан Иоанн Кукузель (14—15-а. лар) мусиқа назариётчиси ҳамда мадқиялар муаллифи сифатида машҳур бўлган.

Византиянинг маданияти, фани, санъати, маорифи ва адабиёти Осиё, Шим. Африка, Европадаги кўпгина мамлакатларнинг маданий тараққиётига катта таъсир ўтказди. Шу сабабли Византия маданий мероси олимлар томонидан ҳамон ўрганиб келинмоқда (қ. Византияшунослик).

Loading...