ВИЗАНТИЯШУНОСЛИК

ВИЗАНТИЯШУНОСЛИК, византистика — Византиянинг тарихи, ҲУКУҚИ, тили ва маданий меросини (адабиёти, фалсафаси, санъати ва б.) ўрганувчи гуманитар фанлар мажмуи. Византияшунослик алоҳида билим тармоғи сифатида 19а. 2-ярмида, фанда «Византия» термини қарор топган чоғда шаклланди. Лекин Византияшуносликнинг илдизлари чуқур бўлиб, у узоқ ўтмишга бориб тақалади. Византиядан ташқарида унинг маданияти ва тарихига қизиқиш илк ўрта асрлардаёқ тарихий тақдирлари Византия империяси билан чамбарчас боғлиқ бўлган Арманистон, Грузия, жан. славян мамлакатлари ва Қад. Русда намоён бўлган. Ғарбий Европада Византияга бўлган эътибор Уйғониш даври (15—16-а. лар) да, айниқса усмонли турклар 1453 й. Константинополни эгаллаб, Европадаги бошқа давлатларга хавф сола бошлаганларидан сўнг кучайган. Mac, 17 — 18-а. ларда Францияда Византияшуносликга қирол саройи ҳомийлик қилиб, ундан сиёсий мақсадларда фойдаланганлар: Византия марказлашган монархиянинг намунаси сифатида тасвирланган. Ш. Дюканж, П. Лемерль (Франция), Э. Гиббон (Буюк Британия), К. Крумбахер (Германия), В. Г. Васильевский, М. В. Левченко, Е. А. Косминский (Россия), А. Грегуар (Бельгия), Г. А. Острогорский (Югославия), М. Мейендорф (АҚШ) ва б. В. ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Византияшунослик бўйича 1924 й. дан бери халқаро конгресслар чақирилиб турилади. Византияшуносларнинг халқаро ассоциацияси мавжуд (1955). Ҳозирда Византияшуносликнинг илмий марказлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, ГФР, Бельгия, Австрия, Германия, Италия, Россия ва б. мамлакатлардаги ун-т ва фанлар академияларида бор. В. га оид даврий нашрлар турли мамлакатларда чоп этилмоқда.

Бобур Ғиёсов.

Loading...