ВЛАДИМИР

ВЛАДИМИР — РФ даги шаҳар, Владимир вилоятининг маркази. Клязьма дарёсининг чап соҳилида. Т. й. ва автомобиль йўллари тугуни. Аҳолиси 356 минг кишидан зиёд (1999). Шаҳар саноатида машинасозлик («Владимир трактор з-ди», «Автоприбор», «Электроприбор», электр мотори ва бошқа и. ч. бирлашмалари) етакчи ўринда. Кимё саноати ривожланган (синтетик смола, пластмасса ва пластмасса буюмлари). Қурилиш материаллари, тикувчилик ва трикотаж буюмлари, озиқ-овқат саноати корхоналари, иссиқлик электр маркази бор. В. 1108 й. да князь Владимир Всеволодович Мономах томонидан Ростов-Суздаль князлигини химоя қилувчи қалъа сифатида барпо этилган. Владимирда «Олтин дарвоза» (1158 — 64), Успение (1158—60) ва Дмитриев (1194—97) соборлари сақланган. Политехника ва пед. ин-тлари, 11 махсус ўрта ўқув юрти, 2 театр, Владимир-Суздаль тарихий меъморий ва бадиий музейқўриқхона бор.

Prev Article

ВЛАДИКАВКАЗ

Next Article

ВЛАДИМИР I