ВОДОРОД ГЕНЕРАТОРИ — квант генератор. Водород атомлари дастаси ёрдамида ишлайди. Ўта юқори частоталар диапазонида жуда барқарор электромагнит тебранишлар манбаи ҳосил қилиш учун ишлатилади. Водород генераторида водород атомлари водород молекулаларидан электр разряди воситасида олинади, унда атомлар манбаидан ташқари сараловчи магнит тизим, резонатор ва фторопласт ёки тефлондан ясалган махсус йиғувчи колба бўлади. Водород атомининг спектрал чизиқлари оддий (тўлқин узунлиги Х=21 см) бўлгани учун Водород генераторида аммиакли молекуляр генераторга (Х=1,26 см) нисбатан спектр чизиқларининг кенглигини аниқроқ ўлчаш мумкин.