ВОЕВОДИНА

ВОЕВОДИНА — Югославияда, Сербия Республикаси таркибидаги мухтор ўлка. Майд. 21,5 минг км2. Аҳолиси 2 млн. кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Маъмурий маркази — Нови-Сад. Иқлими мўътадил, континентал. Июлнинг ўртача т-раси 22—24°, янв. ники 1,2 — 2,6°. Йиллик ёғин 550—750 мм. Йирик дарёлари: Дунай, Тиса, Тамиш.

Воеводинада 6-а. да славянлар, 9-а. охирида венгерлар яшаган. 10-а. дан Венгрия қироллиги таркибига кирган, 1526 — 1918 й. ларда Воеводина ҳудуди Габсбурглар монархияси қўли остида, 1918 й. дан Серб, хорват ва словенлар қироллиги (1929 й. дан Югославия) таркибида. 1945 — 63 й. лар мухтор вилоят, 1963 й. дан мухтор ўлка.

Воеводина — Сербиянинг хўжалиги энг ривожланган қисми. Қ. х. боғдорчилик ва токчилик, гўшт-сут чорвачилигига ихтисослашган. Саноати маҳаллий хом ашёга асосланган. Воеводинанинг шарқий қисмида нефть ва газ чиқарилади. Тўқимачилик, машинасозлик, кимё, электротехника, целлюлоза-қоғоз, цемент, озиқ-овқат саноати ривожланган.

Loading...