ВОЛЬФРАМ РУДАЛАРИ

ВОЛЬФРАМ РУДАЛАРИтехника ва иқтисодиётнинг замонавий ривожланган даражасида вольфрам миқдорини ажратиб олишда фойда келтирадиган табиий минерал ҳосилалар. Вольфрамнинг 20дан ортиқ минерали (вольфрамит (Mn, Fe) [WOJ, шеелит (CaWO4), гюбнерит Mn[WOJ ва б.) маълум. Вольфрам рудалари табиатда касситерит (SnO2), молибденит (MoS2), pyx, мис, қўрғошин, соф олтин билан бирга учрайди. Вольфрамитда 74—76% гача, шеелитда 80% гача \Ю3бўлади. Вольфрам рудаларида кўп миқдорда тантал ва скандий элементлари қўшимча ҳолида учрайди. Вольфрам рудалари бойитиш ф-каларида турли аралашмалардан тозаланиб, гравитацион, флотацион методлар б-н сараланиб, концентрат (50 — 60%ли) ҳолига келтирилади. Вольфрам рудалари конлари ҳосил бўлишига қараб грейзен, контакт-метасоматик, гидротермал, пегматит-пневматолит, штокверкли турларга бўлинади ва гранит интрузалари билан генетик боғлиқ. Гидротермал конлар В. р. га бой. Скарнли ва штокверкли турлари энг катта конлар ҳисобланади. Вольфрам рудалари конлари гранитлар кенг тарқалган р-нларда учрайди. Туб конларнинг ювилиб кетишидан вольфрамит ва шеелитли делювиал ва аллювиал сочмалари ҳосил бўлади. Вольфрам рудаларининг Ўзбекистон (Нурота тоғлари) да, хорижий мамлакатлардан РФ (Байкалорти, Приморье) Қозоғистон, ХХР, КХДР, Бразилия, Боливия, Австралия, Португалия, Перу, Таиланд, АҚШ, Мьянмада конлари топилган. Вольфрам рудаларининг 80% га яқини юқори т-рага чидамли қотишмалар, лак-бўёқлар ва коррозияга чидамли материаллар олишда ҳамда электротехника, радиотехника, тиббиётда фойдаланилади.

Loading...