ВОҚЕЛИК — табиий ва ижтимоий-тарихий ҳодисаларни ифодаловчи объектив реаллик. Кенг маънода мавжуд оламни, дунёни, борлиқ мазмунини ифодаласа, тор маънода тайин предмет, ҳодиса, жараёнларни англатади. Фалсафа тарихида Воқелик турлича талқин этилган. Хусусан ўрта аср фалсафасида илоҳиёт билан боғлаб тушунтирилган: 16—17-а. файласуфлари (Т. Гоббс, Р. Декарт) В. ни фазо ва вақтда» мавжуд моддийлик сифатида талқин этдилар. Воқеликни мантиқий билишнинг муҳим босқичи деб ҳисоблаган Гегель, Воқелик — ўз-ўзини англашга интилган мутлақ ғоянинг муайян ҳолати, моҳият ва мавжудликнинг бирлигидир, деб тушунтиради. Воқеликка диалектик ёндашиш, уни бир бутунликда, умумий ва ўзаро алоқадорликда текшириш ундаги муҳим йўналиш, боғланишларни англашга имкон беради. Воқеликни ҳақиқий баҳолаш, ундан тўғри хулосалар чиқариш Воқеликни ўзгартиришнинг гарови саналади. Ҳаёт жараёнларини синчковлик билан кузатиш ва ўрганиш орқали Воқелик моҳиятини тўғри тушуниш, унинг ривожланиш тенденциясини аниқлаш, келажакни олдиндан кўра олиш мумкин.