ВОҚИФ

ВОҚИФ (тахаллуси; асл исми Паноҳ Меҳди ўғли) (1717-1797) — озарбайжон шоири, давлат арбоби. Араб ва форс тилларини яхши билган. В. Қорабоққа келиб (1759), Шуша ш. да мактабдорлик, сўнгра Қорабоғ ҳукмдори Иброҳимхон саройида 27 йил вазирлик қилади. Мамадбек Жавоншир ҳокимиятни эгаллагач (1797), В. ва унинг ўғли Алибекни қатл этади. Воқифнинг илк шеърлар тўплами 1856 й. да нашр этилган. М. Ф. Охундов В. шеърларини тўплаган ва буларни немис олими Адольф Берже Лейпцигда нашр этган (1867). Нисбатан тўлиқ ҳисобланган сайланмаси 1945 й. да тайёрланган. «Бинафша», «Мен ҳақиқатни қидирдим», «Куйлайдирман икки гўзални» сингари шеърлари халқ ўртасида машҳур бўлган. Воқиф озарбайжон ёзма адабиётига ошиқ (бахши)ларнинг «қўшма» жанрини олиб кирди, ғазал ва мухаммасларнинг гўзал намуналарини яратди, бадиий ижодни халқ оммасига яқинлаштирди. Унинг ижоди чуқур лириклик, фалсафий мушоҳада, юртпарварлик ғоялари билан йўғрилган. Воқиф асарлари оқин ва хонандалар репертуаридан кенг ўрин олган. «Танланган шеърлар»и ўзбек тилида нашр этилган (1969). Самад Вурғун В. ҳаётининг сўнгги даврини акс эттирувчи «Воқиф» драмасини ёзди (1937).