ВУЖУДИ МУМКИН ВА ВУЖУДИ ВОЖИБ — ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқ фалсафасидаги тушунчалар. Бунга кўра мавжудот 2 га — вужуди мумкин (имконий мавжуд нарсалар) ва вужуди вожиб (зарурий мавжуд нарсалар)га бўлинади. Вужуди мумкин — сабабсиз вужудга келмайдиган нарсалардир. Вужуди вожиб — ўз-ўзидан мавжуд, унинг мавжудлиги бошқа нарсадан эмас, ўз табиатидан, моҳиятидан келиб чиқади. Вужуди мумкин вужуди вожиб сабабли мавжуддир.
Форобий барча мавжудотни 6 даражага бўлади: биринчиси, вужуди вожиб — Аллоҳ; қолган 5 таси — ақл, жон, шакл, материя, осмон — вужуди мумкин. Бу даражалар бир-бири билан сабаб-натижа шаклида боғланган, биринчиси ўз сабабига эга эмас. Ибн Сино ҳам бу тушунчаларни шу тарзда таърифлаган.