ВУЛКАНИЗМ

ВУЛКАНИЗМ — магманинг ер қаъридан ер юзасига отилиб чиқиши б-н боғлиқ бўлган ҳодисалар мажмуи. Вулканизм натижасида ҳаракатга келган магма Ер пўстида қотгач, интрузив жинсларни ва ер юзасига отилиб чиқиб вулкан жинсларини ҳосил қилади. Вулканизм жараёнлари Ер пўстининг чуқур қисмларида бўлганда магма ўчоқлари ва каналлари ҳосил бўлади, уларнинг атрофидаги тоғ жинслари юқори ҳарорат ва магманинг таъсир этишидан ўзгаради. Ер юзасида вулкан конуслари (қ. Вулканлар), вулкан гумбазлари, калъдералар, лава оқимлари, пемзали қопламлар, гейзерлар, иссиқ булоқлар ва ш. к. ҳосил бўлади. Турли хил Вулканизм жараёнлари содир бўлиши натижасида Ер пўстидаги тоғ жинсларининг ҳажми ҳар йили 5 км3 га кўпаяди. Вулканизм жараёнида атмосферага кўп вулкан газлари, сув буғлари ажралиб чиқади ва ернинг газ ҳамда гидросфера қобиғини ҳосил қилади. Вулканизм билан кўпгина йирик металл (олтин, кумуш, сурма, маргимуш ва б. рудалар) ва нометалл (олтингугурт, алунит, боратлар, қурилиш материаллари ва б.) хамда қимматбаҳо тошлар конлари боғлиқ, жумладан Ўзбекистонда Қурама тизмасидаги алунит конлари. Вулканизм кучли планетар жараён; вулканлар, кальдералар, лава оқимлари ва майдон-лари Ой, Марс, Меркурий ва Ио (Юпитер йўддоши)да аниқланган.

Loading...