ХАБАР БЕРМАСЛИК

ХАБАР БЕРМАСЛИК (жиноят ҳуқуқида) — одил судловга қарши жиноят тури. Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда давлат ҳокимияти ёки ҳуқуқни мухофаза килувчи органларга хабар қилмаслик жиноятга дахлдорлик ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ЖКда бунинг учун жазо чораси белгиланган (241-модданинг 1-қисми). Жиноят ҳақида Хабар бермасликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жиноят ҳуқуқи назариясида ҳам, жиноят қонунида ҳам таъкидлаб ўтилган. Қонунда фақат оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳақида хабар бермаганлик учунгина жавобгарлик белгиланган. Агарда шахс ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тўғрисида хабар бермайдиган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилмайди.