ХАБАРОВСК (1893 й. гача Хабаровка) — РФдаги шаҳар (1880 й. дан), Хабаровск ўлкаси маркази, Амур дарёсининг ўнг соҳилидаги порт. Узоқ Шарқнинг муҳим транспорт йўллари чорраҳаси. Т. й. станцияси. Аэропорт бор. Аҳолиси 583,1 минг киши (2002).
Шаҳар 1858 й. Хабаровка ҳарбий пости сифатида вужудга келган, 1880 й. дан Приморье вилоятининг маъмурий маркази. 1884 й. дан Приамурье генералгубернаторлиги маркази. 1893 й. дан рус сайёҳи Е. П. Хабаров шарафига X. деб аталган. 1902 й. да Хабаровскда «Арсенал» ҳарбий заводи қурилган. 1904 й. дан Амур ҳарбий флотининг базаси. 20-а. бошларида X. Узоқ Шарқнинг йирик савдо марказига айланди. 1926—38 й. ларда Узоқ Шарқ ўлкаси маркази.
Машинасозлик ва металлсозлик (станоксозлик, кемасозлик ва кема таъмирлаш, кабель ва б. заводлар), нефтни қайта ишлаш, енгил, озиқ-овқат саноати корхоналари бор; қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, кимёфармацевтика заводи фаолият кўрсатади. 8 олий ўқув юрти, 7 и. т. института, 3 театр, ўлкашунослик, адабиёт, бадиий музейлар, телемарказ бор. Шаҳар атрофида 3 санаторий, дам олиш уйлари мавжуд.