
ХАДИЧА БЕГИМ
ХАДИЧА БЕГИМ (1451, Ҳирот ?) — Ҳусайн Бойқаронинг хотини. 1457 — 64 й. ларда Абу Caиднинг xoc канизаги. 1469 й. Абу Сайд вафотидан сўнг Ҳусайн Бойқаро никоҳига кирган. Маълум фурсатдан сўнг ҳарамда улуғ бекалик ўрнини эгаллаган. У Султон Ҳусайн Бойқародан 2 ўғил кўрган — каттаси Шоҳғариб Мирзо (1471—99), кичиги — Музаффар Ҳусайн Мирзо (1473—1509) (қ. Музаффар Мирзо).
Хадича бегим кичик ўғлини валиаҳд қилиб тайинлашга эришиш учун бор кучини ишга солган. Бироқ, одатга кўра, валиаҳдлик Бадиуззамонта тегишли бўлган. Айни вақтда Алишер Навоий бошлиқ аркони давлат валиахдликка Бадиуззамоннинг 11 ёшли ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони (қ. Мўмин Мирзо) муносиб ҳисоблаган. 1497 й. да отаси томондан Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Астробод ҳокими этиб тайинланиши Ҳусайн Бойқаро ва Бадиуззамон ўртасида ихтилофнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Музаффар Ҳусайн Мирзо қўшини Астрободни забт этган ва Муҳаммад Мўмин Мирзони асир олиб, Ҳиротдаги Ихтиёруддин қалъасига қамаган. Хадича бегим вазир Низомулмулк иштирокида Муҳаммад Мўмин Мирзони зудлик билан қатл қилиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олган, ҳукм ўша тундаёқ ижро этилган.
1506 й. Ҳусайн Бойқаро вафот этгач, Хадича бегимнинг салтанат ишларига аралашуви туфайли тахтга 2 шаҳзода — Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо ўтирган. Шайбонийхон Ҳиротни эгаллагач (1507), Х. б. ни амири Шоҳ Мансур бахши ихтиёрига топширган.
Ад. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома, Т., 1960; Файзиев Т., Темурий маликалар, Т., 1994; Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995.