ХАКАС ТИЛИ

ХАКАС ТИЛИ — туркий тиллардаи бири; асосан, РФнинг Хакасия Республикасида, Красноярск ўлкаси ва Тива Республикасининг унга қўшни туманларида тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 80 минг кишидан ортиқ (20а. нинг 90-й. лари). Лаҳжалари: сагай, калчин, кизил ва шор; улардан сагай ва качин лаҳжалари адабий тилга асос бўлган.

Хакас тилининг фонетика соҳасидаги асосий белгилари: 17 унли ва 24 ундош мавжуд; унлиларнинг чўзиқ ва қисқа вариантлари бор. Асл хакас сўзларидаги ундошларнинг қаттиқ ва юмшоқлиги унлига боғлиқ: орқа қатор унлилари билан доимо қаттиқ ундошлар, олд қатор унлилари билан юмшоқ ундошлар уйғунлашади. Бу ҳодиса фонематик даражада бўлмаганлиги сабабли, вариант ундошлар ёзувда акс этмайди. Хакасча сўзлар бошида жарангли ундошлар деярли бўлмайди. Грамматикаси барча туркий тиллардаги каби белгиларга эга бўлсада, айрим ясовчи аффиксларнинг қўлланиши, келишиклар тизими, айрим феъл шакллари жиҳатидан ўзига хосликларга эга. Лексикасида оз микдорда арабча ва форсча, лекин анчагина русча ва мўғулча ўзлашмалар бор. Ёзуви 1926 й. дан рус графикаси, 1929 й. дан лотин графикаси ва 1939 й. дан яна рус графикаси асосида шаклланган.