ХАЛФА

ХАЛФА (фольклорда) — Хоразм воҳасида маҳаллий оғзаки ижод намуналарини ижро этувчи аёл. Халфалар фаолият кўрсатиш шароитига кўра икки йўналишга бўлинади: туй ва базмларда қўшиқлар ижро этувчи «сози халфа» ҳамда «китобий халфа» — таъзия ва маросимларда китоб ўқувчи аёл, отин (отинойи). Уларнинг иккаласи ҳам «ичкари»да аёлларга хизмат килган.

«Сози Халфа»лар санъатида жўрнавозли ва якка ижрочилик мавжуд. Ансамбль уч кишидан таркиб топади: X. (гармон чалади ва қўшиқ айтади), доирачи (қўшиқларга жўр бўлади, баъзан рақс тушади) ва ўйинчи (рақс тушади ва лапар айтади). Халфалар репертуаридан асосан «Тўй муборак», «Ёрёр», «Ошиқ» туркумидаги («Тоҳир ва Зуҳра», «Ошиқ Албанд», «Асли ва Карам», «Ҳурлиқо ва Ҳамро», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» каби) достонлардан парчалар, Маҳтумқули ва б. шоирларнинг шеърлари асосидаги насиҳат ва рақсбоп қўшиқлар ўрин олган. Ижодкор Халфалар замоннинг мухим масалаларига бағишланган асарлар яратиб, уларга ўзлари куй басталаганлар. Мас, Хоним Сувчи Сайидахмад қизи (1858—1926)нинг «Бевафо золим», Бибижоним Косим Девон қизининг «Айрилдим», Айнаш чўлоқ (Онажон Собирова, 1885—1952) нинг «Онажондек дилбар жаҳона галди», Ожиза (Онабиби Отажонова, 1889—1961)нинг 30 дан ортиқ қўшиқлари Назира Собирова, Розия Матниёз қизи, Саодат Худойберганова ва ҳоз. Халфалар томонидан куйланмоқда.

«Китобий Халфа»лар эса, асосан, таъзия, «Улли пир», «Мушкул кушод» каби маросимларда «Ғавсули Аъзам», «Пайғамбарлар ҳикояти», «Бобо Равшан», «Биби Сешанба» ва б. диний мавзудаги китобларни якка ҳолда ўқиб аёллар дардини енгиллатишади ва маърифат тарқатишади.

Ад.: Юнусов Р., Олти халфа, Хива, 1994.

Ботир Матёқубов.

Loading...