ХАЛЬКОПИРИТ

ХАЛЬКОПИРИТ (юн. Chalkos мис ва пирит) , мис колчедани — минерал, мис ва темир сульфиди. Кимёвий таркиби CuFeS2 (34,57% мис, 30,54% темир, 34,9% олтингугурт), аралашма ҳолда Ag, Zn, Au, As, Se, Sn бор. Тетрагонал ва куб сингонияда кристалланади. Мўрт. Яримўтказгич; антиферромагнетик. Донадор, яширин кристалли, баъзан буйраксимон агрегатлар ҳосил қилади. Ранги олтиндек сариқ, тўқ сариқ. Металлдек ялтироқ. Қаттиклиги 3—4; зичлиги 4,1—4,3 г/см3. Деярли барча генетик типдаги магматик конлардан чўкинди конларгача учрайди. Интрузив жинслар орасида жойлашган мисникель сульфид конларида пирротин, пентландит, магнетит, кубанит ва б. минераллар билан бирга топилади. Нураш жараёнида X. ҳисобига куприт, малахит, лимонит, хризоколла ва б. минераллар ҳосил бўлади. X. миснинг энг кўп тарқалган минерали ва мис рудаларининг асосий минерали. Конлари РФ (Норильск), Қозоғистон (Жезқазган), Канада, Испания, Буюк Британия, АҚШ, Марказий Африкада мавжуд. Ўзбекистонда Олмалиқ, Қўнғирот, Қўрғошинкон, Қалмоққир, Қўшбулоқ, Қорамозор конларида топилган.

Loading...