ХАЛҚ СЎЗИ

«ХАЛҚ СЎЗИ» («Народное слово») — оммавий ижтимоий-сиёсий газета. Муассиси — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси. 1991 й. 1 янв. дан чиқа бошлаган. Ҳафтада 5 марта, ўзбек ва рус тилларида чоп этилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, унинг органлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини, мамлакатимизда ва хорижда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий жараёнларни холис ва беғараз ёритиш таҳририятнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Мустақилликни авайлаб-асраш, мустаҳкамлашнинг асосий шарти — фуқароларнинг сиёсий онгини ошириш, бир бутун миллат, халқ сифатида шакллантириш, Ватанга муҳаббат, аждодларимизнинг қаҳрамонона анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш, ҳурфикрлилик, миллий ифтихор, ватанпарварлик, эркинлик ва озодликни энг улуғ неъмат деб билиш газ. нинг муҳим йўналишидир.

Газ. вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, компаниялар, қўшма корхоналар, чет эл ваколатхоналари ва б. муассасалар билан келишув ва шартномаларга мувофиқ фаолиятнинг турли соҳаларига оид ахборотларни, давлат, тижорат тизимлари ва хусусий шахсларнинг реклама ҳамда эълонларини босиб чиқаради. Асосий рукнлари: «Кучли давлатдан — кучли жамият сари», «Олий Мажлисда», «Парламент назорати», «Фармон ва ижро», «Огоҳлик», «Бугуннинг гапи», «Ислоҳот одимлари», «Судҳуқуқ ислоҳоти», «Таълим ва ислоҳот», «Долзарб мавзу», «Бевосита мулоқот», «Кучбилим ва тафаккурда», «Маърифат соати», «Олам нафаси», «Журналист суриштируви», «Бир хат изидан» ва б. Адади 34000 (2004). Бош муҳаррири Аббосхон Усмонов (1997 й. дан).

Loading...