ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ — айрим мамлакатларнинг муайян маҳсулотларини и. ч. га ихтисослашуви ва маҳсулотларни айирбошлаши. Ижтимоийҳудудий меҳнат тақсимотининг юқори шакли, жаҳон бозорининг ва давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг асосини ташкил этади, давлатлар миллий хўжаликларини жаҳон хўжалиги тизимига бирлаштириш омили бўлиб, объектив жиҳатдан меҳнат унумдорлигининг ўсишига ёрдам беради. Жамият тараққиётининг дастлабки даврларида айрим мамлакатларда табиий шароитлар тафовути билан боғлиқ бўлган Халқаро меҳнат тақсимотининг содда кўринишлари мавжуд бўлган. 19-а. нинг ўрталаридан Европа мамлакатларида жуда катта миқдордаги хом ашё, тез ўсиб бораётган шаҳар аҳолиси учун озиқ-овқат келтиришни талаб этган машина индустриясининг пайдо бўлиши Халқаро меҳнат тақсимотининг ривожланган шаклларини юзага келтирди. Халқаро меҳнат тақсимотини шакллантирган яна бир муҳим омиллардан бири — мустамлакачилик системасининг пайдо бўлиши ҳисобланади. 20-а. бошларига келиб мустамлака ва қолоқ мамлакатлар тамомила «жаҳон қишлоқлари»га, Европа ва Шим. Американинг саноати ривожланган мамлакатлари «жаҳон шаҳарлари»га айланди. Халқаро меҳнат тақсимотининг бу хусусияти 2-жаҳон урушидан кейинги йилларда ҳам сақланиб қолди. 1960-й. ларда собиқ мустамлака ва ярим мустамлакалар — жаҳон аҳолисининг 80% дан ортиғи яшайдиган Лотин Америкаси, Осиё ва Африка мамлакатлари ҳиссасига жаҳон саноат маҳсулотларининг тахм. 15% тўғри келди. Бу мамлакатлар экспортининг асосий қисмини хом ашё ва озиқовқат ташкил этган ҳолда уларнинг импортга қарамлиги жуда юқори эди, чунки бу мамлакатлар зарур саноат товарларининг деярли барчасини ва етишмайдиган озиқ-овқатни четдан келтиришга мажбур эди.
Фантехника тараққиёти шароитларида Халқаро меҳнат тақсимоти тобора ривожланган шаклларга эга бўлиб боради, халқаро ихтисослашувга эҳтиёж кучаяди, чунки бир мамлакат доирасида ҳоз. техника тараққиёти даражасида муттасил ортиб бораётган маҳсулотларнинг барча турини кенг миқёсда и. ч. мумкин эмас. Ҳозирги Халқаро меҳнат тақсимотининг хусусияти — ривожланаётган ва ривожланган мамлакатлар ўртасидаги Халқаро меҳнат тақсимотида тармоклараро ихтисослашув етакчи ўринда турса, ривожланган мамлакатлар ўртасида тармоқлар ичида ихтисослашишнинг чуқурлашаётганидир.
Ривожланган мамлакатларнинг халқаро ички тармоқ ихтисослашуви (маҳсулот, деталь, технология бўйича) мамлакатлараро саноат маҳсулотлари савдосининг ортишига олиб келади. Бу мамлакатлар и. ч. нинг юқори ёки пастроқ даражадаги комплекс тармоқ тузилмасига эга. Бундай шароитларда Халқаро меҳнат тақсимотининг ички тармоқ ихтисослашуви йўналишида чуқурлашуви энг янги тармоқлар ривожланишининг зарурий шартига айланади. Ички тармоқ ихтисослашувининг йўйалишларидан бири — маҳсулот тури бўйича ихтисослашиш ҳисобланади, яъни муайян маҳсулот турини и. ч. у ёки бу мамлакатда амалга оширилади (мас, тракторсозлик АҚШда юқори қувватли ғилдиракли ва занжирли тракторлар и. ч. га, Буюк Британияда ўртача типдаги ғиддиракли тракторлар и. ч. га, Германияда қуввати кичик тракторлар и. ч. га ихтисослашган).
Деталь бўйича ихтисослашиш да айрим мамлакат заводлари пировард маҳсулот учун щкм тарзида фойдаланиладиган бутловчи қисмлар, деталлар и. ч. га ихтисослашади. Мас, «РоллсРойс» инглиз фирмаси АҚШ, Франция ва б. мамлакатларда тайёрланадиган самолётлар учун реактив двигателлар ишлаб чиқаради. Бу жараёнда бир ривожланган мамлакатдан бошқасига капитал чиқаришнинг кўпайиши, турли мамлакатлар корхоналари ўртасида ихтисослашув ва кооперациялашувнинг ривожланиши муҳим роль ўйнайди. Фирмалараро кооперация (қўшма корхоналар), жуда улкан трансмиллий корпорацияларнинг ташкил этилиши, саноати ривожланган мамлакатлар иқтисодиётларининг интеграцияси (қ. Европа Итгпифоки) ҳам ривожланган мамлакатлар ўртасидаги меҳнат тақсимотини чуқурлаштиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Х. м. т. да пахта толаси, энергетика ресурелари (табиий газ, электр энергияси), рангли металлар, ўғитлар ва б. маҳсулотлар етказиб берувчи мамлакат тарзида иштирок этади (яна қ. Меҳнат тақсимоти).
Аҳмаджон Ўлмасов, Алишер Ваҳобов.