ХАЛҚАРО ШАРТНОМА

ХАЛҚАРО ШАРТНОМА — давлатлар ёки халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари ўртасида сиёсий, иктисодий, маданий ёки бошқа соҳаларга оид ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаб берадиган келишув; халқаро ҳуқуқнинг асосий манбаи. Халқаро шартнома 2 томонлама ва кўп томонлама шартномаларга бўлинади. Кўп томонлама шартнома очиқ бўлиши (унга бошқа давлатлар қўшилиши) ва ёпиқ бўлиши (унга бошқа давлатлар Халқаро шартнома иштирокчиларининг розилиги билангина қўшилиши) мумкин. Халқаро шартноманинг номлари турлича: шартнома, битим, конвенция, пакт, декларация, меморандум статут, протокол, устав, баёнот ва б. Х. ш. муддати тугагандан кейин, унда белгиланган мажбуриятлар бажарилгач, тарафларнинг ўзаро келишуви бўйича ва денонсация йўли билан амал қилишдан тўхтайди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, Халқаро шартнома ларда тенг, мустақил мамлакат сифатида қатнашадиган бўлди ва кўпдан кўп Халқаро шартномаларни ратификация қилди. Мамлакатимизнинг сиёсий, иктисодий, ҳуқуқий ва б. соҳалардаги барча халқаро ҳуқуқий муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро шартномалар тўғрисида»ги қонуни (1995 й. 22 дек.) билан тартибга солинади.

Loading...