ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ САРОЙИ

ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ САРОЙИТошкент ш. даги маданият марказларидан бири; турли тадбирлар (съезд, қурултой, фестиваль ва б.) ўтказиш, концертлар беришга мўлжалланган. 1981 й. да очилган (меъмори Е. Букина, С. Одилов, Е. Розанов, Е. Суханова, Ф. Турсунов, В. Шестопалов, Е. Шумов ва б.). Бино қиёфаси ва безакларида миллий меъморликка хос бўлган муқарнасга ўхшаш шакллардан фойдаланилган; бинони безашда маҳаллий хом ашёлар, Нурота ва Ғозғон мармарлари ишлатилган. Бино тарҳи тўртбурчак шаклда, тарзларига ишланган қуёш нурини тўсадиган жимжимадор шакллар бинога салобат, кираверишдаги бал. пештоқлар кўрк бахш этган. Бино тепасига сирти мармар билан қопланган муқарнасни эслатувчи йирик йиғма темирбетон қурилмалар ўрнатилган. Бино мужассамоти марказида балконли, амфитеатр шаклидаги 4 минг ўринли зал туради (бир оз қияроқ ён деворлари томошаларни яхши кўриш ҳамда эшитиш имконини беради). Саҳна махсус қурилмалар (кўтарилибтушириладиган супалар, президиум, саҳна ва хор супаларини саҳнада силжитишга имкон берадиган транспортёр, декорацияларни кўтарибтуширадиган штанкетлар, кенг форматли экран) билан жиҳозланган. Залда кинотовуш техникаси ҳамда матнни бир йўла 8 тилга таржима қилиш аппаратлари, махсус технологик алоқа тизими бор. Вестибюль табиий тошлардан ишланган «Халқлар дўстлиги», «Байрам», «Гуллаган ўлка» мозаикалари (рассом А. Бухорбоев) билан безатилган. Президиум зали гобелен (рассом Б. Жалолов), томоша зали «Санъат» мозаикаси (рассом В. Бурмакин, Р. Немировский), ёғоч ўймакорлиги (уста Қ. Ҳайдаров, О. Файзуллаев), банкет зали безаклари (рассом Ж. Ҳакимов, А. Илҳомов), ён деворлари сопол лаганлар (рассом А. Кедрин) билан зийнатланган. Феруза рангли улкан кошинкори (Тошкент чинни заводида тайёрланган) девор сарой интерьерига алоҳида жозиба бахш этган.

Loading...