
ХАЛТАЛИЛАР
ХАЛТАЛИЛАР (Metatheria), қопчиқлилар — тирик туғувчи сут эмизувчилар инфрасинфи (айрим маълумотларга кўра, туркум). Гавдасининг уз. 4 см дан 160 см гача. Кўпчилик X. урғочисида боласи халта ичида ривожланади. Халта ичида сут безлари сўрғичи бўлади. Бош мияси тубан тузилган. Йўлдош (бандикутдан ташқари) ҳосил бўлмайди. Бўгозлик даври 12,5—45 кун, боласи нимжон (уз. 0,5—3 см) туғилади, кўпинча халтаси ичидаги сут бези сўрғичига ёпишиб олиб, 250 кун давомида ривожланади. Сут махсус мускуллар ёрдамида боласи оғзига сиқиб чиқариб турилади. 1 туркуми ва 9 оиласи (опоссиумлар, йиртқич X., халтали чумолихўрлар, халтали кўрсичқонлар, бандикутлар, вомбатлар, кенгурулар ва б.) мавжуд. Австралия, Тасмания, Янги Гвинея, Жан., Марказий ва Шим. Америка, айрим Катта зонд о. да тарқалган. Янги Зеландияда ҳам иқлимлаштирилган. Рақобат килувчи йўлдошли сут эмизувчиларнинг бўлмаслиги туфайли X. Австралияда улар билан конвергент белгиларга эга бўлган бир қатор формаларни ҳосил қилган. X. турлар сони (2400 га яқин) бўйича ҳоз. сут эмизувчиларнинг 6%ини ташкил этади. Лекин улар адаптив радиация жиҳатдан қолган барча сут эмизувчилар каби хилмахил. Айрим турлари қ. х. га зиён келтиради. Бир қанча турлари териси ва гўшти учун овланади. 21 тури Халкаро Қизил китобга киритилган.