ХАРАКИРИ (японча хара — қорин ва кири — ёрмоқ, кесмоқ) — Японияда қорнини ёриб ташлаш орқали шахснинг ўз жонига қасд қилиши. Ўрта асрлардан маълум. Самурайлар орасида қабул қилинган бўлиб, ҳукмга биноан ёхуд ихтиёрий суратда (самурайнинг ўз ҳомийси, хўжайинига садоқат белгиси сифатида, самурайнинг «орномуси топталган» чоғда ва б. ҳолатларда) амалга оширилган. 2-жаҳон урушида Япония енгилгач (1945 й. авг.), бир қанча япон солдат ва зобитлари иттифоқчи қўшинларга асир тушмаслик учун Харакирига амал қилиб, ўзларини ўлдирганлар. Ҳоз. Японияда X. ҳодисалари кам учрайди.